"Манчестер Юнайтед” ва "Андерлехт”. Ярим финал учун оғир қадам


"Манчестер Юнайтед" ижросидаги навбатдаги оғир кечган ўйин жамоани Европа Лигаси турнирининг ярим финал босқичига чиқишини таъминлади. Ушбу кубокни забт этиш учун АПЛга нисбатан камроқ қадам қолди дейиш мумкин. Бироқ эндиликда финал йўлланмаси учун қолган жамоалар ўртасида муросасиз баҳс олиб борилиши шубхасиз.

Белгиядаги ўйиннинг сўнгги дақиқаларида урилган гол ҳисобига мағлубиятдан сақланиб қолган "Андерлехт” ўз мухлисларига кичик бўлсада умид учқинини тақдим этган эди. Шундан сўнг жамоа устози Рене Вайлер асосий таркибда бир қанча ўзгаришларни амалга оширди. Моуриньо эса ўтган ўйинга нисбатан фақат биргина ўзгаришни амалга оширишди.

Дармиан ўрнига жароҳатлардан боши чиқмайдиган Люк Шоу майдонга тушди. Еврокубоклар дарвозабони Серхио Рамеро эса ўз ўрнида қолди.

Ўйиннинг биринчи дақиқалариданоқ меҳмонлар ҳужумкор ўйин кўрсата бошлашди. Биринчи ўйинда гол урган Леандер Дендокер узоқдан зарба берди, тўп эса шундоқ дарвоза устини устидан ўтиб кетди, аммо иблислар ўз "ғазаб"ини 10 дақиқада намойиш этишди. Пол Погба майдоннинг марказидан Рэшфордга ёйсимон тразда етказиб берди. Рэшфорднинг узатган тўпи Иброҳимовичгача келмади, иккинчи уринишдаги узатмадан сўнг Гейнирих Мхитариян жарима майдони чизиғида қабул қилиб, ерлатиб берган зарбаси эавзига дарвозани ишғол қилди. 1:0.

Бундан руҳланган "Манчестер Юнайтед" ўзига ишончи ортиб, бор кучини ҳужумга ташлади. "Андерлехт" ҳимояси саросимада қолди, лекин Маркос Рохонинг жароҳати меҳмонларга нафасни ростлаб олишларига имконият тақдим этди.

"Манчестер Юнайтед" 32-дақиқага келиб кутилмаганда гол ўтказиб юборди. Юри Тилеманснинг узоқдан берган зарбаси дарвоза устинига тегиб қайтди, биринчи бўлиб тўпга Лукаш Теодорчик эга чиқиб, уни дарвозага йўналтира олмади, бу ишни "Андерлехт" сардори Софиян Ханни амалга оширди. 1:1.

"МЮ" биринчи бўлим сўнггига қадар бир нечта вазиятларни юзага келтирди, аммо бу ҳаракатлардан наф чиқмади.

Иккинчи бўлимда "Манчестер Юнайтед" анча ўзига келиб, ўйин тизгинини ўз қўлига олди. 69-дақиқада Рэшфорд дарвазабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб, уни голга айлантира олмади. Иброҳимович ва Погбалар ҳам ана гол деган ажойиб имкониятларни йўққа чиқаришди.

"Манчестер Юнайтед" сезиларли даражада босим ва ташаббусга эга бўлган бўлсада, асосий 90 дақиқа ичида ҳисобни ўз томонига оғдира олмади, асосий вақт тугашига яқин Иброҳимович жарохат олиб майдонни тарк этди.

Қўшимча бўлимда "МЮ" пенальтилар сериясига етиб бормаслик учун ўзидаги бор имкониятни ишга солди. Погба гол уришга ҳам муваффақ бўлди, аммо бу ҳакамнинг ҳуштагидан сўнг содир бўлди. Ва ниҳоят қаттиқ уринишлардан сўнг рақиб ҳимояси дарс кетди, "Манчертер Юнайтед"нинг ёш иқтидорларидан бири Маркус Рэшфорд 107-дақиқада рақиб ҳимоячиларидан жарима майдончаси марказида қочиб кета олди ва чап оёғи билан берилган зарба билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди. "МЮ" ўйин сўнггига қадар бир қанча яхши имкониятларга эга бўлди, ҳатто учинчи голни ҳам уриши мумкин эди.

Европа Лигаси турнири ярим финали "МЮ"га қимматга тушди: 120 дақиқалик ўта оғир ўйин, Маркос Рохо ва Златан Иброҳимовичларнинг жароҳати. Жозе Моуриньо жамоаси қониқарсиз даражадаги ўйинни намойиш этди. Бу уларга сал қолса турнир ярим финали йўлланмасидан қуруқ қолишига олиб келиши мумкин эди.

"Манчестер Юнайтед” (Англия) - "Андерлехт” (Белгия) - 2:1 (1:1, 1:1, 0:0, 1:0).
Биринчи ўйин:
1:1.

Голлар: Мҳитарян 10, Решфорд 107 - Ханни 32.

Шуҳрат Турсунов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!