Марат Бикмаев: Суперлигада ҳеч бир учрашув осон ўтаётгани йўқ

 

PEPSI Суперлигаси 12-тури доирасида “Локомотив” ўз майдонида Навоийнинг “Қизилқум” жамоасини қабул қилади. Мазкур учрашув олдидан “темирйўлчилар” жамоаси етакчиларидан бири Марат Бикмаев клуб расмий сайтига ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди.

– “Қизилқум”га қарши учрашув биз учун осон ўтмаслиги аниқ. Зеро рақиб анча тажрибали футболчиларни ўз таркибида жамлаган. Улар қачон қандай ўйнаш лозимлигини билишади. Шу сабабдан ҳам ўйин анча шиддатли бўлади, деб ўйлайман.

Ўзи аслида ушбу мавсум деярли ҳар бир учрашув анча қийин ўтяпти. Хатто мусобақа жадвалининг сўнгги поғоналарида бораётган “Нефтчи” ҳамда “Сўғдиёна” жамоаларига қарши кечган беллашувларда ҳам анча-мунча тер тўкишга тўғри келди.

Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба қозониш ўз қўлимизда. Агар майдонга чиққач, ўзимиз истаган ўйинни намойиш эта олсак, “Локомотив” ҳар қандай жамоани бемалол мағлуб эта олади, – деди маҳоратли футболчи клуб матбуот хизмати билан суҳбатда.

Таъкидлаш жоиз, “Локомотив” – “Қизилқум” баҳси эртага, 22 май куни пойтахтимиздаги “Локомотив” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин соат 18:56да старт олади. “Локомотив” ПФК стадионга келадиган барча рўзадорлар учун ифторлик егуликлари тақдим этади. Қолаверса, танаффус вақтида бир қатор ҳамкорлар томонидан ютуқли совринлар лотереяси ҳам ташкил этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!