Марат Бикмаев гол уришда давом этади!

19 май, 08:53 227

Марат Бикмаев гол уришда давом этади!

 

“Локомотив” Олий Лига 11-тур учрашувлари доирасида “Қўқон-1912” жамоаси меҳмони бўлди. Анчагина шиддатли руҳда кечган беллашув 1:1 ҳисобидаги дуранг билан ниҳоясига етди.

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, сўнгги учрашувда “Локомотив”нинг ягона голига жамоа ҳужумчиси Марат Бикмаев муаллифлик қилди. Мазкур гол тажрибали футболчи учун жорий йилги миллий чемпионат доирасида 11-си бўлди.

Айни пайтда Олий Лига тўпурарлар баҳсида якка пешқадамлик қилаётган футболчимиз ҳозирга қадар ўтказилган 10 та ўйиннинг 9 тасида рақиблари дарвозасини ишғол этди. Фақатгина “Шўртан”га қарши кечган беллашувда Марат майдонни голсиз тарк этишга мажбур бўлди.

Яна бир диққатга сазовор жиҳат шундан иборатки, Марат Бикмаев ҳозирча “Локомотив” гол урган ҳар бир учрашувда ўз номини таблога ёздириб қўйишга муваффақ бўлмоқда. У 11 та голнинг 4 тасини пенальтидан киритишга муваффақ бўлди.

Шунингдек, “Локомотив” сафида ўйнаётган Жалолиддин Машарипов ҳам тўпурарлар пойгасида етакчилар қаторида бормоқда. Маҳоратли футболчи ҳисобида ҳозирча киритилган 5 та гол мавжуд. У шуларнинг биттасини 11 метрли жаримадан киритган.

Яна бир тажрибали футболчи Сардор Мирзаев эса 3 бора рақиблари дарвозабонларини хафа қилишга эришди. Мурод Бобожонов ҳамда Икром Алибоев ҳисобида 2 тадан гол мавжуд. Темур Кападзе, Ислом Тўхтахўжаев каби ўйинчилар бу йил ҳозирча бир мартадан ўз номини таблога ёзидириб қўйишга эришишди.

Яна бир жиҳат “Локомотив” ишқибозларини хушнуд этиши турган гап. Жамоа ҳозирда миллий чемпионатимизда энг сермаҳсул ўйин намойиш этаётган жамоа бўлиб турибди. Қолаверса, энг кам гол ўтказиб юборган клуб ҳам – айнан “Локомотив”дир. Тўплар нисбати бугунга келиб 25-7 кўриниш олган.