Машҳурликда миср эҳромларини ҳам “доғда қолдирган” қаҳрамон Муҳаммад

Мисрда дунёнинг етти мўъжизасидан бири — Гиза эҳромлари жойлашган деб ўйлайиганлар янглишади. Эҳромларнинг тароватини инкор эта олмаймиз, лекин у ердаги яна бир мўъжиза, тирик афсона ҳақида ҳам унутмаслик зарур.  Бу Муҳаммад Салоҳдир. Миср халқи уни кўпдан буён севади, лекин 28 йилдан бери илк бор мамлакатини жаҳон чемпионатига олиб чиққач  у халқнинг ҳақиқий  қаҳрамонига айланди.

Буюк ғалабадан кейинги шов-шувлар секин-аста  сўнган бўлса-да,  Салоҳнинг шуҳрати тобора юқорилаб бораверди. Уни АПЛнинг асосий ўйинчисига айлантириб юборишди гўё: чемпионатда 17 та гол, Чемпионлар лигаси гурух босқичида — 6 та гол ва Африка-2017 чемпионатида  энг зўр футболчи мақоми. Уни нафақат кўрсатган ажойиб натижалари учун, балки ўзига хос феъл-атвори учун ҳам севиб ардоқлашади.

Салоҳ Александриядан узоқда бўлмаган Нагриг қишлоғида туғилиб ўсди. Гоҳида “бахтли тасодиф” билан футбол ўйинларини намойиш этадиган  эски, шалоқ телевизорда футбол қироллари Тотти, Зидан ва Роналдоларнинг майдонда кўрсатаётган мўъжизаларини ҳайрат билан томоша қилган 7 ёшли болакай футболга меҳр қўяди. Қишлоқнинг хароба стадионларида маҳоратини намойиш учун бу болакайга тўп ҳам йўқ эди, эски пайпоқлардан қилинган қўлбола тўп ортидан дўстлари билан югуриб юрарди. 14 ёшгача унинг футболдаги ҳаёти фақат қўлбола тўп билан кечди. Шу пайтга келиб, мактабда ташкил қилинган футбол турнирида Қохиранинг “Араб Контракторс” клуби аъзолари Салоҳ кўрсатган ўйиндан ҳайратга тушишди. Муҳаммаднинг истеъдодини кўрган кулуб аъзолари у билан  шартнома тузишди.

Клуб машғулотларига қатнаш унинг учун осон кечмади.  Тўрт соат вақт талаб қиладиган йўл, яна 3 марта автобус алмаштириш керак. Ҳар куни шу аҳвол...

“Баъзида дарслардан қочишимга тўғри келарди. Кейин клубдан машғулотларга улгуришим учун рухсатнома олиб, мактаб маъмуриятига топширдим. Мактабда 1-2 соат бўлардим холос. 14:00 да бошланадиган машғулотга улгуриш учун эрталаб соат 9 да йўлга отланардим, машқлар 18:00 гача давом этарди, мен уйга етиб олгунимча соат 22:30 бўлишга улгурарди. 3-4 йил шу тахлитда кечди”, деб эслайди унинг ўзи.

Бу машаққатлар ўз маҳсулини кўп куттирмади. 19 ёшида Мисрнинг асосий терма жамоасида ўйин олиб бориш унга насиб қилди.  Африка-2012 Кубогига қадар бир неча  ўртоқлик учрашувларида иштирок этди,  шуларнингг бирида “Базел” билан тўқнашди. Миср 4:3 ҳисоб билан ғалаба қозонади. Ўйинда 2 та голга муаллифлик қилган Салоҳ швейцариялик “катталар”ни шунчалар лол қолдирдики, бир ҳафта ўтар-ўтмас улар Муҳаммадни Европага олиб кетишди.

“Аввалига барчаси жуда қийин кечди. Эрта ёшданоқ қадрдон уйни тарк этиб, бегона ўлкаларда яшашнинг ўзи бўлмади. Швейцарияни таниш у ёқда турсин, ҳатто инглизчани ҳам тушунмасдим. Овқат сотиб олишга ҳам қийналардим ҳатто”, дейди ўша дамлар ҳақида Муҳаммад.

Орадан 6 йил ўтиб, унинг ҳаётида ҳаммаси ўз изига тушди: “Ливерпул” нинг асосий юлдузига айланди, тил ўрганди, ҳафтасига топаётган 100 минг фунт унга болалигидаги қийинчиликларни унутишга ёрдам берарди.

Катта шон-шуҳрат унинг “оёғининг ердан узилишига” сабаб бўла олмади, балки хайрли ишларни амалга оширишга турткилади. У ҳар доим ўз қадрдон қишлоғи ва Мисрга молиявий ёрдам берди. Бу унинг нақадар саховатли ва олийжаноб эканлигининг ёрқин намунасидир.

Суҳбатларининг бирида инглиз сўзларининг ичида унинг учун энг севимлиси  “Love” эканлигини айтганди. Ва бунинг бежиз эмаслигини ўзининг ҳар бир ҳаракати билан амалда исботлади. Ундаги бағрикенлик ва меҳрибонлик уни афсонавий қаҳрамонларга ўхшатиб қўярди.

Ўғрига ҳаёт бағишлаган олийҳиммат

2017 йил ноябрида Конго билан бўлган баҳсда Миср термасининг ғалабасига у ўзининг 2 та голи  билан чиройли “дастхат” қўйди. Бутун халқнинг шодон қийқирашига сабаб бўлди бу. Чунки Миср Россиядаги ЖЧга йўлланма олганди. Аммо тасодифни қарангки, худди шу кечада унинг отасининг уйига ўғри шип-шийдон қилиб кетади. Бир неча кун ўтар-ўтмас ўғрини ушлайдилар ва Салоҳнинг отаси судга ариза беради. Бундан хабар топган Салоҳ ҳеч кутилмаган ишга қўл урди, отасидан аризани қайтирbб олишни сўради, ўғри билан шахсан учрашиб, унга озгина пул берди, иш топишига ҳам ёрам беради. Нақадар бағрикенлик... Балки ўғри ўзгармас, лекин Салоҳ бир инсонга ҳаётини қайтадан бошлаш учун имкон берди, асосийси мана шу.

Буни қарангки, бу Муҳаммаднинг кенг қалбидаги муруватдан “дарёдан бир томчи экан” холос. Мисрнинг ЖЧ-2018 га  чиққанидан боши осмонга етган мисрлик бизнесмен Маҳмуд Аббос футболчига вилла совға қилмоқчи бўлади. Лекин Салоҳ совғани рад этди, агар уни хурсанд қилмоқчи бўлса, вилланинг пулини Нагриг (Салоҳнинг она қишлоғи) ривожига хайрия қилишини айтди.

Қадрдон қишлоғи учун ҳар нарсага тайёр

Салоҳ ўз қадрдон қишлоғини жуда севади, унинг ривожи учун ҳар нарсага тайёр. Қишлоқ тараққиёти учун пул ўтказиш билан кифояланиб қолмай, у ерда  мактаб, ёпиқ футбол майдони бунёд этди, спорт зали учун керакли жиҳоз ва анжомларни ўз ҳисобидан харид қилиб берди.

Қишлоқ оқсоқоли Махер Шетиянинг миннатдорлиги чексиз: “Салоҳ қишлоғимизнинг дунё  харитасида ўз аҳамияти ва ўрнига эга бўлишига сабаб бўлди. Яна доимий равишда молиявий ёрдам ҳам  бериб туради. Базиун касалхонаси учун каттагина пул ажратди: дори-дармонлар сотиб олди, тез ёрдам машиналарини йўлга қўйишимизга ёрдам берди”.

Шунингдек, Салоҳ ёш оилаларнинг бунёд бўлишига ҳам кўмаклашади, никоҳ маросимларини ўтказишга ҳомийлик қилади.

У она қишлоғига тез-тез келиб туради. “Ҳар йили Рамазон ойини  ота уйида ўтказади, болаларга совғалар улашишни яхши кўради. Кетиш олдидан барчага эринмасдан дастхат беради, суратга тушмоқчи бўлганларнинг раъйини қайтармайди”, дейди унинг болаликдаги дўсти Басюн.

Унинг ўз ҳамқишлоқларига кўрсатаётган яхшилиги жавобсиз қолмаяпти. Унинг номи мактаб ва ёшлар марказига берилган.

Собиқ футболчиларни ҳам ёддан чиқармади

2017 йил охирида Салоҳ яна иккита эзгу ишни амалга оширди. У миср фунтини қутқариб қолди. Амалдорлар миср фунти чет эл валютаси кўмагига муҳтожлигини тан олишгнанда, Муҳаммад биринчи бўлиб давлат ғазнасига 210 минг британия фунти ўтказди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мисрнинг футболчи ветаранлар ассоциациясига 27 минг фунт хайрия қилди. Бу пуллар молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган  собиқ футболчилар учун сарфланади.  

Салоҳ ойлик даромади 400 миср фунтидан ортмайдиган 120 нафар оилага моддий ёрдам бериб келади (Мисрда ўртача ойлик иш ҳақи 2900 миср фунти).

Салоҳнинг бутун Яқин Шарқ учун аҳамиятини “Ливерпул” нинг араб мухлислари учун мўлжалланган кўрсатув — Oil Field index Podcast  бошловчиси Хатем Кадус тасвирлаб берди:

“Салоҳ ҳали ҳеч бир сиёсатчи қила олмаган ишни уддалади — бутун Яқин Шарқни бирлаштирди. Марокашликлар, тунисликлар, саудияликлар, қувайтликлар, Амирлик ва Оман халқлари —уларнинг барчаси Муҳаммаднинг исми туширилган футболкага эга бўлишни орзу қилади. У Мисрнинг 90 миллион аҳолисига умид бахш этади.

Бизда иқтисодий муаммолар талайгина, деярли ҳар ҳафтада турли терактлар содир бўлади, Салоҳ эса шундай шароитда халқни қўллаб-қувватлаб, уларга умид бахш этаётган ягона инсондир. “Ливерпул” майдонга тушадиган дақиқаларда Қохира кафеларига бир назар солинг — бутун халқ бирлашади, атрофдаги барча даҳшатлар ҳақида унутиб, бутун борлиғи билан Муҳаммаднинг ўйинини кузатади”.

Манба: SPORTS.ru

Саодат Абдураҳмонова таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!