Менинг қаҳрамоним сэр Алекс Фергюсон! Сизнинг қаҳрамонингиз ким?

“Челси”, “Ман Сити” ва “Тоттенхем”нинг кўрсатаётган ўйинларини кузата туриб “МЮ”ниг АПЛдаги кейинги тақдири ҳақида фақатгина башорат қилиш мумкин, деган хаёлга боради киши. Аммо менинг фикримча, клуб тарихида сэр Алекс Фергюсон каби омадли мураббий бошқа такрорланмаса керак. “МЮ”нинг узоқ йиллар давомида Европанинг энг етакчи клублари сафида бўлиб келгани Фергюсоннинг меҳнат маҳсули эди.

Албатта, бунда раҳбариятнинг ҳам роли бордир, чунки мураббийнинг ишларига умуман аралашмаслик учун улардан катта матонат талаб этилганди. Сэр Алекс ҳақида батафсилроқ маълумотга эга бўлишни истайдиганларга унинг автобиографиясини ўқиб чиқишни тавсия қиламан.  Кучли тактика эгаси бўлиш билан бир қаторда Фергюсонда психологлик маҳорати ҳам анча-мунча бор. Чунки таймлар орасидаги 15 дақиқалик танаффусда у жамоа аъзоларини шундай созлайдики (аниқроғи, гап билан “тузлайди”), натижада жамоа  кейинги таймда ўзларидан юз ўгираётган муваффақиятни йўриғларига солиб олишади.

Назаримда, Фергюсонни мотиватор деб эмас, манипулятор деб атасак ҳақиқатга яқинроқ бўлар эди. Ўзининг “териб олинган” сўзлари орқали жуда осонлик билан футболчиларга, ҳакамларга, умуман бутун бошли футбол ассоциациясига жуда осонлик билан ўз таъсирини кўрсата олиши унда буюк манипуляторлик хусусияти боригини исботлайди. Ҳозирда АПЛда Фергюсонни ўзи учун доҳий даражасига кўтарган Жозе Моуриньо унга тақлид қилишга ҳаракат қилади.

Фергюсоннниг “МЮ” билан қўлга киритган ғалабалари ҳақида исталганча гапириш мумкин, аммо АПЛда бунақа натижани яна такрорлаш учун анча вақт талаб қилинади. Смоллинг, Эванс, Жонс каби “бесўнақай”лардан ҳам Фергюсон ажойиб ҳимоячиларни тарбиялай олди. Алекс раҳбарлигида “МЮ” ўйинчилари гўё ўрталикда ҳаракатланаётгандек туюлади, бироқ улардаги меҳнаткашлик, фидоийлик, интизомни инкор этиб бўлмайди. Бунинг тасдиғи сифатида 1998-99 йиллар ЕЧЛ финалини эслашнинг ўз кифоя. Ўшанда кутилганидан ҳам жозибадор ўйин кўрсатган Хитсфельднинг “Бавария”си бир чеккада қолиб, мағлубиятга юз тутаётган инглиз жамоаси ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳисобни ўзгартириб юборишган эди.

ЕЧЛ доирасида “Бавария” энг кучли жамоа сифатида кўзга ташланмаётган эди. Фикримча, Хитсфельднинг “Бавария”си Киев “Динамо”сидан тактик жиҳатдан енгилганига қарамай нимадир бўлдию, финалга баварияликлар чиқиб олди. Нима ҳам дердик, футболда баъзида шундай адолатсизликлар ҳам бўлиб туради...

Ўзига хос характер эгаси эканлигидан ташқари, Фергюсоннинг англиялик кўплаб иқтидорли футболчиларни тарбиялаганлиги алоҳида эътироф ва ҳурматга лойиқдир. Инглизларнинг ўз шогирдларини қизғанишларини инобатга олиб ҳам унинг барча “қилиқ”ларини кечириб юборишади. Унинг бошчилигидаги “Манчестер Юнайтед”нинг ғалабаси ҳам, мағлубияти ҳам ўзгача жозиба касб этади. Клубнинг молиявий жиҳатдан муваффақиятлари эса шотланднинг фаолияти билан бевосита боғлиқ.

Сэр Алекс ҳақида гапирамиз десак, гап кўп. Бироқ ҳар доимгидек гапим сўнгида миямга ўзим учун ажойибдек туюлган ғалати фикр келди.

Англия терма жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейтга чексиз эҳтиромимни изҳор қилган ҳолда шуни таъкидламоқчиманки, Англия футбол ассоциацияси раҳбарияти ўрнида бўлганимда Фергюсонга мўмайгина пул таклиф қилиб (яхши даромаддан ҳеч ким бош тортмайди) уни Англия термасига мураббий қилиб тайинлаган бўлар эдим. Шотландни бундай таклифга кўндириш муаммо бўлмайди, ақалли шунда Англия терма жамоаси ярим асрдан кейин бўлса-да нимагадир эришган бўлармиди.

Устига-устак, терма жамоада тўп сурувчи “МЮ” аъзоларини сэр Алекс беш қўлдай яхши билади. Терма билан шуғулланиш ҳар кунлик машғулотларни ҳам талаб қилмайди, шотланднинг ёшини инобатга оладиган бўлсак, бу унинг учун жуда қулай. Тўғри, ҳозир ҳам унинг клубда топадиган даромади чакки эмас. Бироқ янгиликка интилувчи Фергюсон учун Англия терма жамоаси билан ишлаш айни муддао бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!