Мерганларимиз халқаро турнирда муносиб иштирок этмоқда

Қозоғистонда пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича “Олтин мерган” халқаро турнири давом этмоқда. Мусобақаларда мамлакатимизнинг етакчи спортчилари барча машқларда ғолиблик учун асосий даъвогарлардан эканини намойиш этишмоқда. 

Халқаро турнирнинг учинчи куни мерганлар кичик калибрли милтиқдан ўқ узиш бўйича бор маҳоратларини ишга солишди. Қизғин курашларга бой бўлган МВ9 машқларида (бунда спортчилар 50 метр масофада ётган ҳолда нишонга ўқ узишади – SPORTS.uz) ҳам кутилганидек ғолиблик учун кураш Ўзбекистон ва Қозоғистон спортчилари ўртасида кечди.

Эркаклар ўртасидаги шахсий биринчилик учун бўлган баҳсларда қозоғистонлик Илья Федин 624,4 очко билан олтин медални расмийлаштирди. Ҳамюртимиз Роман Голощапов эса 623,5 очко билан кумуш медалга сазовор бўлди.

Аёллар ўртасидаги мусобақаларда эса ҳамюртимиз Сакина Мамедова энг яхши натижани қўлга киритди. У 620,8 очко тўплаб барча рақобатчиларини ортда қолдиришга эришди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!