Месси ва Неймарнинг манфаатлари тўқнашиб қолди ёхуд "Барселона" кимни танлайди?

15 апрель, 09:29 1794

Месси ва Неймарнинг манфаатлари тўқнашиб қолди ёхуд

 

Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси, шубҳасиз "Барселона"нинг бугунги кундаги яққол етакчиси. Бироқ, унинг фаолияти ўз ниҳояси сари яқинлашмоқда. Каталония клуби учун гол уришда рекорд натижаларни янгилаб келаётган футболчи фаолиятидаги сўнгги шартномани имзолашга шошилмаяпти.

Кўпчилик Леонинг шартномага кўнмаётганини маош миқдори билан боғламоқда. Ошкор бўлишича, битим тузилмаётганининг асл сабаби Лионель Мессининг клубдаги вазиятдан кўнгли тўлмаётганида экан. Айни пайтда аргентиналик футболчи жамоа раҳбарияти таркибни шакллантиришда у билан ҳисоблашишини истамоқда.

Хусусан, Лионель Месси клубдаги мавқеидан фойдаланиб, уч нафар футболчи - ҳимоячи Жереми Матьё, ярим ҳимоячилар Денис Суарес ва Андре Гомешни жамоадан четлатишни талаб қилмоқда. Месси "Барселона"нинг сўнгги пайтдаги муваффақиятсизликларига мана шу футболчиларни сабаб қилмоқда. Лекин Каталония клуби раҳбарияти бу ўйинчиларни жамоанинг келажакдаги ютуқларини  таъминлаш учун олиб келган.

Месси клуб ва жамоа раҳбарларига гап ўтказиш мавқеи кафолатланмагунча янги шартномани имзоламаслиги эҳтимолга яқин.

Шу билан бирга "Барселона"нинг бразилиялик ҳужумчиси Неймарнинг мавқеи юксалиб, таъсир доираси кенгайиб бормоқда. Мессидан фарқли равишда Неймарнинг юлдузли онлари ҳали олдинда.

Бугун дунёнинг аксарият мутахассислари яқин ўн йилликда Лионель Месси ва Криштиану Роналду ўртасидаги қизғин рақобатнинг ўрнига Неймар ва "Ювентус" ҳужумчиси Пауло Дибала ўртасидаги ким ўзарлик пойгасини кўришга умид боғламоқда. Чунки ҳар икки футболчи ҳали ёш ва энг кучли, энг яхши ўйинлари намойиш этганича йўқ. Улар ўсишда давом этмоқда. Иккиси ҳам етакчилик қобилиятига эга, ўз ортидан бутун жамоани эргаштириш хусусиятини ўзлаштирган ўйинчилардир.

Ўз ўрнида Неймар ҳам ҳудди Лионель Месси каби клуб раҳбариятига ўз таъсирини ўтказишга уринмоқда. Бразилиялик футболчи клуб менежментида унинг таклифлари ҳам инобатга олинишига эришмоқчи. Бу Неймар яқин келажакда клубдаги етакчилик мавқеини Мессидан олишга тайёрланаётганини билдиради.

Айни пайтда Неймар Каталония клуби раҳбарлардан ёзги трансферлар мавсумида таркибга уч нафар ҳамюрти - ПСЖ ҳимоячиси Маркиньос, "Ливерпуль" ярим ҳимоячиси Филиппе Коутиньо ва "Фламенго"нинг ёш ҳужумчиси Винисиус Жуниорни олиб келишни талаб қилмоқда.

Бундан келиб чиқиб, яқинда "Барселона"да вазият ўзгариши кутилмоқда. Чунки Неймар ҳам, Месси ҳам клубда асосий фигурага айланишни истайди. Гарчи Неймар дунёнинг энг зўр ўйинчиси Месси эканини таъкидлаётган бўлса-да, яқин келажакда бутун футболчилар орзу қиладиган бу эътироф ўзига ўтишига ишонаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Хўш, "Барселона" раҳбарияти қайси суперфутболчининг "гапига қулоқ солади"? Каталонияликларнинг бу қарори жамоада бундан буёғига ҳақиқий етакчи ким эканини кўрсатиб бериши керак. Бу кўп жиҳатдан ёзда клубни тарк этадиган бош мураббий Луис Энрикенинг ўрнига келадиган мутахассисга ҳам боғлиқ бўлади.

SPORTS.uz

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.