"Металлург" - "Локомотив". Превью

Олий Лига мусобақа жадвалида якка пешқадам бўлиб турган “Локомотив” 18-тур доирасида Бекободнинг “Металлург” жамоасига қарши баҳс олиб боради. "Темирйўлчилар" матбуот хизмати ушбу ўйинга алоқадор айрим фактларни тақдим этди.

Турнинг энг муросасиз руҳда ўтиши кутилаётган беллашувларидан бирини тажрибали рефери – Хасан Рўзиев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи ишлайдиган бўлди.

Ушбу жамоаларнинг биринчи давра доирасида кечган учрашуви 30 июнь санасида ўтказилганди. Ўшанда “Локомотив” футболчилари бекободлик “маъданчилар”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этишнинг уддасидан чиққанди. 

“Локомотив” таркибида Мурод Бобожонов, Азизбек Амонов ҳамда Темур Кападзе рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлган бўлса, “Металлург”да Жаҳонгир Абдумўминов гол урганди.

Ўзаро ўйинлар

Локомотив” ҳамда “Металлург” жамоалари шу пайтга қадар миллий чемпионатимиз доирасида 25 бор ўзаро тўқнаш келишган. Учрашувлардаги катта устунлик “темирйўлчилар” тарафида.

“Локомотив” “Металлург”ни 15 та учрашувда мағлуб этишни уддалаган. 3 та ўйин эса бекободликлар фойдасига ҳал бўлган. Жамоалар 7 марта муроса кўчасини танлашган. “Темирйўлчилар” жамоаси ушбу рақиб дарвозасини жами 49 марта ишғол этишган. Ўз дарвозасидан эса 20 марта тўп ўтказиб юборган.

“Локомотив” футболчилари ушбу рақиб устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалаба 5:1 бўлиб, “Локо” футболчилари 2 марта (2012 ҳамда 2014 йилда) “Металлург”ни худди шундай ҳисобда мағлуб этишган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!