Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ хабар тарқатмоқда.

Конференцияни Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Унда 2013–2016 йиллар давомида амалга оширилган ишлар юзасидан федерация раҳбариятининг ҳисоботи тингланди.

Айтиш керакки, тўрт йиллик олимпия циклидаги федерация фаолияти танқидий руҳда кўриб чиқилди. Гарчанд спортнинг ушбу турида вакилларимиз турли халқаро мусобақалар ва турнирларда иштирок этган бўлса-да, тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақаси - 2016 йилги Рио-Де-Жанейро шаҳридаги XXXI ёзги Олимпия ўйинларига бирорта ҳам лицензияни қўлга кирита олмадилар.

Конференцияда шунингдек, велосипед спорти федерацияси раҳбариятининг янги таркиби сайланди. Жумладан, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Камаловна Нарбаева, унинг ўринбосари этиб Козим Ўринбойхўжаев бир овоздан сайланишди.

Тадбир давомида федерация раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, 2013-2016 йиллар давомида Федерация ижрочилари томонидан йўлга қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш, шунингдек бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар, истиқболли режалар хусусида тўхталиб ўтдилар.

Жумладан, спортнинг ушбу турини мамлакатимизда янада ривожлантириш, ёшлар орасида оммавийлигини ошириш масалаларига алоҳида урғу бердилар.

Шунингдек, зудлик билан Ўзбекистон терма жамоа таркибини қайтадан шакллантириш, бунинг учун аввало бутун республикамиз бўйлаб селекция ишларини кучайтириш, ўқув-машғулот йиғинларига ёш иқтидорли ва малакали мураббийларни жалб қилиш, жоиз бўлса чет эллик мутахассисларни маслаҳатчи сифатида таклиф этиш, велоклубларни ташкил этиш ва албатта кунчиқар юртда бўлиб ўтадиган навбатдаги Токио-2020 Олимпия ўйинларига лицензияларни қўлга киритиш устивор вазифалар деб белгиланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!