Миллий терма жамоамиздаги трансфер баҳоси арзонлашган 5 футболчи

14 июнь, 16:08 1040

Миллий терма жамоамиздаги трансфер баҳоси арзонлашган 5 футболчи

 

Германиянинг Transfermarkt.de сайти Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиларининг янги трансфер баҳоларини эълон қилган. Унга кўра, бош жамоамизнинг бир қатор футболчилари трансфер баҳоси кўтарилган бўлса, аксарият футболчиларимизнинг нархлари анча арзонлашган. «Эрудит Спорт» нашри қуйида терма жамоамизнинг трансфер баҳоси тушган 5 футболчиси ҳақида маълумот беради.

Одил АҲМЕДОВ

Клуби: «Шанхай СИПГ»

Чемпионати: Хитой Суперлигаси

2016 йилги трансфер баҳоси:

9 миллион евро («Краснодар»)

2017 йилги трансфер баҳоси:

5,5 миллион евро («Шанхай СИПГ»)

Арзонлашди: — 3,5 миллион евро

Мамлакатимизнинг 2016 йилдаги энг яхши футболчиси номига сазовор бўлган Одил Аҳмедовнинг трансфер баҳоси 2011 йилдан буён илк марта туша бошлади. Йил бошида Россиянинг «Краснодар» клубидан Хитойнинг «Шанхай СИПГ» жамоасига ўтган терма жамоамизнинг сардори баҳоси кутилмаганда 9 миллион евродан 5,5 миллион еврогача тушган. Трансфер нархининг 3,5 миллион еврога арзонлашишига Аҳмедовнинг Европадан Осиёга кўчиб ўтиши ва бу йил 30 ёшни қарши олиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Игорь СЕРГЕЕВ

Клуби: «Пахтакор»

Чемпионати: Олий Лига

2016 йилги трансфер баҳоси:

2 миллион евро («Пекин Гоан»)

2017 йилги трансфер баҳоси:

1,6 миллион евро («Пахтакор»)

Арзонлашди: — 400 минг евро.

Ўтган мавсум биринчи даврасидан кейин Олий Лига тўпурари сифатида Хитойга йўл олган Игорь Сергеев Чин юртида омадсизликка учради. «Пекин Гоан» сафида ярим мавсум давомида бор йўғи битта гол урган терма жамоамиз ҳужумчиси хитойликлар томонидан ортга қайтарилди. Бу йил «Пахтакор»га қайтиб, ҳозирча бор йўғи битта гол урган Сергеевнинг трансфер баҳоси 2 миллиондан 1,6 миллион еврогача тушиб кетди. Одатда ёши 30 ёшдан ошган футболчиларнинг баҳоси тушади, Сергеев эса айни ўсадиган 24 ёшда. 2015 йилги Осиё Кубогида терма жамоамиз сафида тўп суриб трансфер нархи кўтарилган Игорь Сергеев бу кетишда яна трансфер баҳосини тушириб юбориши мумкин.

СЕРВЕР ЖЕПАРОВ

Клуби: «Сепахон»

Чемпионати: Эрон Про-лигаси

2016 йилги трансфер баҳоси:

1 миллион евро («Локомотив»)

2017 йилги трансфер баҳоси:

800 минг евро («Сепахон»)

Арзонлашди: — 200 минг евро.

Терма жамоамизнинг номдор футболчиларидан бўлмиш Сервер Жепаровнинг трансфер баҳоси сўнгги беш йилдирки пастлашда давом этмоқда. 2008 йилда «Бунёдкор» сафида «Осиёнинг энг яхши футболчиси» номига лойиқ кўрилган Жепаровнинг нархи 7 миллион еврогача кўтарилган бўлсада, Кореядаги фаолиятидан кейин 2016 йилга келиб, 1 миллион еврогача тушди. Жорий мавсумни Эрон чемпионатида ўтказаётган терма жамоамиз аъзосининг трансфер баҳоси яна 200 мингга арзонлаб, 800 минг еврони ташкил этмоқда. Футболчимизнинг трансфер баҳоси пастлаётгани сабабларидан бири Сервернинг бу йил 35 ёшни қарши олишидир.

Санжар ТУРСУНОВ

Клуби: «Ал-Ҳаритият»

Чемпионати: Қатар Про-лигаси

2016 йилги трансфер баҳоси:

900 минг евро (Умм Салал)

2017 йилги трансфер баҳоси:

700 минг евро («Ал-Ҳаритият»)

Арзонлашди: — 200 минг евро.

Украинадаги фаолиятидан сўнг яна Қатар чемпионатига равона бўлган Санжар Турсунов янги клуби сафида ёмон таассурот қолдирмаётган бўлсада, унинг миллий терма жамоага чақирилмаётганлиги футболчининг трансфер баҳосига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган мавсумда немис нашри томонидан 900 минг евро дея баҳоланган яримҳимоячимизнинг бу йилги баҳоси 200 мингга арзонлаб, 700 минг еврони ташкил этмоқда. Эронга қарши баҳсда ҳам терма жамоадан чақирув олмаган 31 ёшли футболчимизнинг трансфер баҳоси яна пастлаши мумкин.

Егор КРИМЕЦ

Клуби: «Пекин Гоан»

Чемпионати: Хитой Суперлигаси

2016 йилги трансфер баҳоси:

500 минг евро («Пекин Гоан»)

2017 йилги трансфер баҳоси:

450 минг евро («Пекин Гоан»)

Арзонлашди: — 50 минг евро.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Егор Кримец Хитой Суперлигасида легионерлар учун чекловлар қўйилгач, клуби «Пекин Гоан» сафида сўнгги пайтларда деярли ўйин амалиётига эга бўлмаяпти. Навқирон 25 ёшида захирада ўтириб қолган футболчининг эса трансфер баҳоси ошмаслиги табиий. Айнан шу сабаб бўлса керак, Кримецнинг трансфер нархи ўтган йилгидан 50 минг еврога арзонлашиб, ярим миллиондан, 450 минг еврога тушган. Марказий ҳимоячи ўйин амалиётига эга бўлмасада, мураббийи Самвел Бабаян томонидан Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибига туширилса, балки трансфер нархида ижобий ўзгариш кузатилар.

 

Усмон ИБОДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.