Миржалол Қосимов: Болалар футболига қаратилаётган эътибор ўз самарасини беради

Ўзбек футболи тарихидаги энг яхши футболчилардан бири ҳисобланган ва айни дамда Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби бош мураббийи сифатида фаолият олиб бораётган Миржалол Қосимов Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳозирги кунда амалга ошираётган ислоҳотлари ҳақида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Тажрибали мураббийнинг сўзларига кўра ЎФФ томонида болалар футболига қаратилаётган эътибор кун келиб албатта ўз самарасини беради.

“Ўзбекистон Футбол Федерацияси янги раҳбарияти клублар, мураббийлар, футболчилар олдига қатъий талабларни қўймоқда. Мен ўйлайманки, бу ўз самарасини беради. Биринчи навбатда болалар футболига жиддий аҳамият қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Болалар футболи бу – пойдевор. Агар пойдевор мустаҳкам бўлса, иморат бақувват бўлади. Мана шу ёш футболчилар келажакда терма жамоаларимизда тўп суришади.

Болалар футболини ривожлантириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан Сербия, Испания каби мамлакатлардан мураббийлар олиб келинди. Улар ўз маҳоратлари ва тажрибалари билан юртимиздаги болалар футболи мутахассислари ва мураббийларига катта ёрдам беришлари аниқ.

Клубларни лицензиялаш бўйича стадионларга қўйилаётган талаблар ҳам жуда ўринли. Чунки айрим стадионлардаги майдонлар замонавий талабларга жавоб бермайди. Масалан, кўп стадионларда ёритиш ускуналари ишламаслиги туфайли ўйинлар анча вақтли, мухлислар учун ноқулай вақтларда ўтказилган. Мана энди клублар олдига стадионлардаги ёритиш ускуналарини белгиланган талаб асосида бўлишини таъминлаш вазифаси қўйилмоқда. Албатта, бу учрашувни томоша қилиш учун стадионларга ташриф буюрадиган мухлислар учун анча қулайликлар туғдиради.

Миллий чемпионатимиз 12талик форматга ўтгани ҳақида ҳам ижобий фикрларни билдириш мумкин. Бу талаблар ўз самарасини беради. Чемпионатда қанча кўп рақобатбардош жамоалар бўлса, ўсиш бўлади.  Кураш, шижоат кучаяди. Англияда ўз вақтида курашни кучайтириш учун майдон ўлчамини кичрайтиришган. Эксперимент сифатида. Курашларга бой ўйин бўлса мухлислар бу ўйинларга келади. Бу билан майдон ўлчамини кичрайтириш керак демоқчи эмасман. Шунчаки бундан аввал эътибор берилмган барча жиҳатларга федерация томонидан эътибор қаратилаётгани қувонарли.

12та форматлик мусобақада оддий ўйинлар йўқ бўлади. Жамоалар камайтирилганидан кейин кураш кучаяди. Спорт принципи кураш, ғалабага интилиш, чиройли ўйин кўрсатиш, мухлисларни хурсанд қилиш.  Ҳар битта ўйинга бошқача тайёргарлик кўрилади.

Шунингдек, Федерация томоиндан футболчиларнинг жисмоний ҳолати назорат қилиб борилиши ҳам бежиз эмас. Футболда пиёда юриб ғалаба қозониб бўлмайди.  Замонавий футбол ўзгарган. Жисмоний тайёргарлик биринчи ўринда. Фикрлаш, техника буларнинг ҳаммаси кейинги ўринларда туради. Футболчилар жисмоний жиҳатдан бақувват бўлса, натижа ҳам бўлади , - дейди Миржалол Қосимов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!