Миржалол Қосимов: “Бунёдкор” менга бегона эмас


Бугун Тошкентнинг “Бунёдкор” клубига янги бош мураббий тайинланди. 2014 йилдан бери “қалдирғочлар”га устозлик қилиб келаётган Сергей Лушчан сўнгги вақтлардаги жамоанинг қониқарсиз натижалари сабаб ўз хоҳишига кўра, бўшаш аризасини ёзган.

Унинг ўрнини эндиликда 2010-2014 йилларда ушбу клубни бошқарган Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Миржалол Қосимов эгаллади ва таништирув маросими ўтказилди.

mirjalol_qosimov

“Бунёдкор” жамоаси менга бегона эмас. Шу ўринда Сергей Лушчанга ҳам миннатдорлик билдириб қоламан. Бу футбол, унда ҳар нарса бўлиши мумкин. Бу одатий ҳол. Олдимизда ҳал қилиниши керак бўлган бўлган бир қанча муаммолар бор. Биринчи вазифамиз мухлисларни стадионга қайтариш. Ўйинчилар улар учун футбол ўйнайдилар. Уларсиз бунинг қизиғи йўқ. Йўқотилган нарсалар йўқотилиб бўлинди. Энди мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш керак, – дейди Миржалол Қосимов.

– Биринчи давра тугагандан сўнг селекция ишларини олиб борамиз. Ўшанда клубга янгиликлар олиб киришимиз мумкин. Унгача бирор ўзгартириш киритишнинг иложи йўқ. Хато ҳаммада бўлади. Булардан тўғри хулоса чиқариб, жамоанинг олдинги ҳолатини тиклашга ҳаракат қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, эртага “Бунёдкор” жамоаси ОЧЛ-2017 гуруҳ босқичи сўнгги 6-турида БААнинг “Ал Айн” билан бўладиган ўйинида иштирок этиш учун жўнаб кетади. Ўйин 8 май куни бўлиб ўтади. Бироқ ҳужжатларни расмийлаштиришга улгурилмагани учун бу баҳсда “қалдирғочлар”га Виктор Карпенко мураббийлик қилади.

“Бунёдкор” Миржалол Қосимов бошчилигидаги илк баҳсни Олий Лига 10-турида сафарда “Шўртан”га қарши ўтказади. Унга жамоанинг мураббийлар штабида Александр Волков ва Шуҳрат Мақсудов ёрдам беради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!