Мирзоҳид Фармонов: Ярим финалда Ғиёсжонни кутгандим

9 апрель, 19:45 512

Мирзоҳид Фармонов: Ярим финалда Ғиёсжонни кутгандим

 

Туркиянинг Анталья шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при туркумидаги халқаро турнирда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Мирзоҳид Фармонов барча рақибларини мағлубиятга учратди ва олтин медалга сазовор бўлди.

SPORTS.uz ахборот портали айни пайтда Туркияда бўлиб турган Мирзоҳид Фармоновнинг фикрлари билан қизиқди.

- Мирзоҳид, ғалаба муборак бўлсин!

- Раҳмат, жуда хурсандман.

- Мусобақа ҳақидаги илк фикрларингиз қандай?

- Гран-при мусобақасида барча терма жамоалар кучли дзюдочиларни олиб келади. Шунинг учун осон беллашувнинг ўзи йўқ. Мен мусобақага яхши тайёргарлик кўргандим. Шунга деярли қийинчиликка дуч келмадим. Беллашувларга иккинчи даврадан қўшилдим ва кетма-кет иппон қайд этдим.

- Ярим финалдаги баҳсдаги рақибингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Косоволик Акил Гжакова ярим финал йўлланмаси учун беллашувда жамоадош дўстим Ғиёсжон Бобоевни мағлуб этди. Аслида мен финалга чиқиш учун Ғиёсжон билан куч синашмоқчи эдим. Финал йўлланмаси учун бўлган курашда рақибни учта вазари баҳоси эвазига ортда қолдирдим. Ярим финал доимо ҳаяжонли бўлади. Мен бу босқичда ютқазиб қўймаслик учун бор кучимни аямайман.

- Финалда қўрқув бўлмадими?

- Финал олдидан бироз ҳаёжон бўлди. Учрашув давомида бироз босим ҳам бор эди. Чунки заодаги мухлисларнинг барчаси мезбон дзюдочини қўллаб-қувватлаб турганди. Бунда энг яхши усул атрофдаги воқеаларга эътибор бермаслик. Мен ҳам шундай қилдим. Натижада кучли рақибни қўшимча вақтда қўлга киритилган очко эвазига мағлуб этдим.

- Дзюдочига омад керакми?

- Албатта. Бундан олдинги Тбилисидаги Гран-при турнирига ҳам пухта тайёргарлик кўргандим. Кучим етарди. Лекин омадим келмади. Бу гал бор имкониятимни ишга солдим ва омадам мен томонда бўлди. 

- Мирзоҳид, суҳбат учун раҳмат.

SPORTS.uz