Муҳаммад Салоҳ мавсумнинг энг яхши футболчиси, ишонаверинг

Бу мавсум “Ливерпуль” ҳужумчиси Муҳамммад Салоҳ фантастик мавсумни ўтказмоқда. У ЕЧЛ ярим финалидан ўрин олган “Рома”га қарши беллашувда ўзининг нималарга қодир эканлигини яна бир бор намоён этди.

Айнан ўша баҳсдан сўнг барчанинг оғзида бир гап: “Салоҳ “Олтин тўп”ни  қўлга кирита оладими”?

Бу саволга жавоб бериш учун Салоҳ ҳақидаги айрим қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

1)  Салоҳ ҳали якунига етмаган Англия Премьер-лигасида 31 та гол киритишга эришди. У ўтган икки мавсум А Серияда ўтказган ўйинларида жами 29 бор рақиб дарвозасини ишғол этган эди. Энг қизиғи, Салоҳ бутун фаолияти давомида киритган голларининг фақатгина биттасини пенальтидан киритган. Ҳозирда мисрлик футболчи АПЛ рекорди янгилашни кўзлаб турибди. Боиси, чемпионат баҳслари тугашига 2 тур қолганида 31 та гол киритган Салоҳ бир мавсумда киритилган голлар  сони бўйича Роналду, Суарес ва Ширерлар қайд этган рекордни янгилаши мумкин.

2)  Салоҳ – Англияда йил футболчиси. Ўша чемпион “Манчестер Сити”нинг энг етакчи футболчиси Кевин Де Брюйне ҳам, ўзининг бетакрор сэйвлари билан жамоасининг ғалабаларига катта ҳисса қўшаётган Давид Де Хеалар ўтказилган сўровномада Салоҳга имкониятни бой беришди. Бундан 3  йил илгари уни “Челси”да кераксиз “чиқит”га чиқариб қўйишган эди. Бугун эса у АПЛда ўйнай олишини кўрсатди.

3)  “Ливерпуль”да унга гол уриш борасида ҳеч ким рақобат қила олмайди. “Ливерпуль” сафида бир мавсумда энг кўп гол киритган футболчи бу Иан Раш. Уэльслик футболчи 80-йилларда “қизиллар” сафида бир мавсумда 47 та гол киритишнинг уддасидан чиққан эди. Аммо Салаҳда бу рекордни  янгилаш учун  имкониятлар етарли. Қолаверса, Муҳаммад “Ливерпуль”даги илк мавсумида энг кўп гол киритган футболчи деган номни аллақачон ўзиники қилиб олишга улгурди.

4) Салаҳ ЕЧЛда ҳам ажойиб ўйин намойиш этмоқда. “Рома”га қарши беллашув шулардан бири эди. Бу мавсум унинг ҳисобида клублар миқёсидаги энг нуфузли турнирда киритилган 10 та гол бор. Қайд этиш жоиз, “қизиллар” тарихидаги ҳеч бир футболчи ЕЧЛда бир мавсумда 10 та гол киритишнинг уддасидан чиқмаган.

5)  Қаҳрамонимиз нафақат клуб фуболида, балки, терма жамоа миқёсида ҳам ўзини кўрсатмоқда. Ёзда мезбон Россия, қитъадошимиз – Саудия Арабистони ва Ўзбекистон билан ўртоқлик ўйини ўтказадиган – Уругвай терма жамоаси ҳимоячиларига 25 ёшли “мисрлик фиръавн”ни “қўриқлаш” қийин бўлади.

6) Миср терма жамоаси сафид ҳозирга қадар 33 та гол киритган Салоҳ мамлакат қаҳрамони саналади. Унинг ўша йил футболчиси  совринини қабул қилиб олишини мисрлик мухлислар жонли эфирда томоша қилиши учун маҳаллий чемпионат ўйинлари бошқа кунга кўчирилди.

7)  Салоҳнинг ҳомийси – Vodafone Egypt телекоммуникацион компанияси ўз абонентлари учун  маҳсус тариф жорий этди. Унга кўра, компания Салоҳнинг ҳа бир голи учун ўз мижозларига бепул 11 дақиқа ҳадия этмоқда.

Бугунги кунда Месси “Рома”нинг ғалабасини кузатиш билан “машғул” бўлмоқда. Роналду эса ЕЧЛда яхши ўйнаш учун Ла Лига ўйинларида майдонга тушмаяпти. Неймар эса Испанияга қайтишни ўйламоқда. Ҳа, улар ўзларининг энг яхши ва стабил ўйинларини кўрсата олишмаяпти. Шундай экан, агарда, “Олтин тўп”ни яна футболдаги натижалари учун учун  беришни бошлашса, ҳозирда Салоҳданда муносиб номзодни топиш жуда-жуда қийин.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!