Муҳсин Убайдуллаев: Ўзимни бошқа жамоада синаб кўришни истадим

Ўтган йилги мавсумда Фарғонанинг "Нефтчи" жамоасида тўп сурган маҳоратли футболчи Муҳсин Убайдуллаев янги мавсум оолдидан жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. "Нефтчи" собиқ ўйинчиси ўз фаолиятини "Машъал" жамоасида давом эттиришни маъқул кўрди. SPORTS.uz интернет портали футболчи билан боғланиб саволларга жавоб олишга ҳаракат қилди.

"Нефтчи" жамоасини тарк этганингиз ростми?

- Ҳа, ўзим учун қадрдон ва суюкли бўлган "Нефтчи" жамоамни тарк этишга қарор қилдим. Мен ўзимни бошқа жамоада ҳам синаб кўришни истадим.

Сир бўлмаса қайси жамоа билан биргасиз?

- Мен ҳозирда Муборакнинг "Машъал" жамоаси билан бирга машғулотларда иштирок этаяпман. Александр Хомяков бошчилигидаги жамоа билан икки йиллик шартнома имзоладим. Ҳозирда янги клубим билан янги мавсумга тайёргарлик кўришни бошлаб юбордим.

"Машъал"га ўтишдан мақсад Супер Лигада ўйнаш эдими?

- "Нефтчи"ни тарк этишдан мақсад Супер Лигада ўйнаш эмас эди. Ҳали "Нефтчи"ни тақдири нима бўлиши маълум эмас. Мен ўзимни бошқа клубда ҳам синаб кўришни мақсад қилдим. "Машъал"да ҳам футболчи сифатида ўсишга эришишни хоҳлайман.

"Нефтчи"ни ўтган йилги паст натижа кўрсатишига сабаб нима деб ўйлайсиз?

- "Нефтчи" жудаям аҳил жамоага эга клуб ҳисобланади. Бу ерда ман футболчи сифатида танилдим. Кўп нарсаларни ўргандим.

Ўтган йилги паст натижаларга келсак, баъзи ўйинларда омад ҳам келмади. Кўпроқ айб ўзимизда бўлди деб ўйлайман. Баъзи жамоаларга қарши ютадиган ўйинларимизни ҳам юта олмадик. Бу футбол. Гоҳида ютасан, гоҳида мағлубиятга учрайсан.

"Нефтчи" жамоасида мен билан бирга тўп сурган барча футболчиларга ва мураббийларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Клубдагилар билан дўстона равишда хайрлашдик. "Нефтчи"га доимо омад тилаб қоламан.

Мазмунли сухбатингиз учун раҳмат.

Комилжон Икромов сухбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!