Мужтаба Ҳусайний: Биз деярли қийинчиликларга дуч келмадик

13 март, 20:20 442

Мужтаба Ҳусайний: Биз деярли қийинчиликларга дуч келмадик

 

Хабарингиз бор, бугун ОЧЛ-2017 гуруҳ босқичи 3-туридан ўрин олган учрашувлар ўтказилмоқди. Унда Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ўз майдонида “Зоб Аҳан” билан куч синашди.

Мазкур беллашувдан сўнг меҳмонлар устози Мужтаба Ҳусайний журналистлар саволларига жавоб берди.

- Бугун ҳар иккала жамоа учун ҳам муҳим ўйин бўлди. Биз бир неча кун олдин Эрондаги қийин учрашув ўтказишимизга қарамай бугун ғалаба қозондик. Бунинг учун футболчиларимга раҳмат айтаман. Эрон чемпионатида кўплаб очколарни бой бердик. Биз ўша мағлубиятга учраган ўйинларимизда ҳар доим ҳам мағлубиятга лойиқ эмасдик. Лекин энди буларни бартараф этамиз. 

Меҳди Ражабзода: Бугунги ўйин барча учун яхши бўлди. Бунинг учун жамоадошларимга ҳам раҳмат. Мени учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топишди. Лекин бутун жамоадошларим яхши ҳаракат қилишди. 

"Бунёдкор" қийин аҳволда қолди. Энди сўнгги турда агар "қалдирғочлар"га "Зоб Аҳан" ёрдам бера оладиган вазиятга тушиб қолса, қандай йўл тутади?

- Биз профессионалмиз. Ҳар бир ўйинда бор кучимиз билан ўйнаймиз.  

"Бунёдкор"дан бундай кучсиз ўйинни кутганмидингиз?

- Тўғриси, "қалдирғочлар"дан бундай ўйинни кутмагандим. Олдинги баҳсларда яхшироқ ҳаракат қилишганди. Бугунги беллашувда ҳам улар осонликча таслим бўлишмади. Улар ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди.

Кеча "қалдирғочлар" сафида ҳавфли деб ҳисоблаган футболчиларингиздан кутганингиздек қаршилик кўрдингизми?

- Бугун Элдор Шомуродов майдонга тушмади. Шунинг учун унчалик ҳам қийинчиликларга дуч келмадик. Қолаверса, мен рақиб футболчилари ҳақида гапиришни унчалик ҳам хоҳламайман.