Муштарий Абдураззоқова: Спортчи бир кунда чемпион бўлмаслигини тушундим

19 март, 22:00 684

Ўхшаш хабарлар

Муштарий Абдураззоқова: Спортчи бир кунда чемпион бўлмаслигини тушундим

 

Қиличбозлик – юртимизда жадал ривожланаётган спорт турларидан. Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган ушбу спорт тури бугунги кунда ўзбекистонлик ёшлар орасида кенг оммалашиб бормоқда.

SPORTS.uz ахборот портали ўз олдига юксак мақсадларни қўйган андижонлик истеъдодли спортчи Муштарий Абдураззоқова билан суҳбатлашди.

- Муштарий, нега айнан қиличбозликни танлагансиз?

- Менга қиличбозликнинг рапира йўналиши ёқиб қолган. Ўшанда 12 ёшда эдим. Кейин шу спорт тури билан шуғуллана бошладим.

- Ота-онангизнинг муносабати қандай бўлди?

- Тўғрисини айтсам, аввалига қаршилик қилишди. Лекин спорт турига бўлган қизиқшим катталигини инобатга олиб, қиличбозлик билан шуғулланишимга рози бўлишди, шароит яратиб беришди ва ҳозиргача қўллаб-қувватлаб келишади.

- Спорт ўқишга таъсир қиламайдими?

- Йўқ. Мен 2009 йили Республика олимпия захиралари коллежида 7 –синфдан ўқий бошлаганман. Спорт ўқув жараёнининг ажралмас қисмига айланган эди. Шунга қийинчилик бўлмаган. Ҳозир Фарғона давлат университетида иккинчи босқич талабасиман. Агар спорт ўқишга ҳалақит қилганида олий ўқув юртига ўқишга киролмасдим.

- Оила ишларига уқувингиз қандай?

- Қиз бола  бўлганим учун оила ишларининг ҳаммасини билишим керак. Ҳаммасини уддалай олишимга ишонаман. Оиламизда бу масалаларга жиддий эътибор қаратилади.

- Бўш вақтда нима билан шуғулланасиз?

- Аслида бўш вақтнинг ўзи жуда кам. Кунига икки маҳал машғулотларда қатнашаман. Ўқишга бораман. Дарсларни пухта ўзлаштириш учун ўз устимда кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан. Спорт ва ўқишдан бўш қолиб бўлмайди.

- Спортдан кетиш фикри безовта қилмаганми?

- Бунақаси ҳам бўлган. Мағлубиятлар аламидан кетмоқчи бўлганман. Лекин кейин спортда бир кунда чемпион бўлиш мумкин эмаслигини тушиндим. Қийинчиликсиз, меҳнатсиз маррага етиб бўлмайди. Буларнинг бари ҳаётимда менга дуч келди. Ҳозир спортсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман.

- Мусобақада рақибдан қўрқасизми?

- Қўрқув бўлади. Лекин буни рақибдан қўрқиш дейиш ноўрин. Мен елкамдаги масъулиятни ҳис қилолмай қолишдан, устозларим, ота-онам ва менга ишонган одамлар ишончини оқлолмай қолишдан қўрқаман. Халқаро майдонларда Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилишар бир спортчи учун катта шараф. Лекин бунинг ўзига яраша масъулияти ҳам бор.

- Муштарий, ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз?

- Қиличбозлик – Олимпия спорт тури. Менинг энг олий мақсадим 2020 йили Токиода бўладиган ёзги Олимпиадада муносиб қатнашиш. Барча ҳаракатларим шунга қаратилган.

Муштарий, суҳбат учун раҳмат. Мақсадларингиз амалга ошишига тилакдошмиз.

 

 

SPORTS.uz