Набижон Исмонов: Мақсадимиз ўзбек профессионал боксини юксалтириш

  • 11 апрель, 2018, 13:01
  • 0
  • Бокс

Маълумки, 18, 22 апрель ва 4 май кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида катта бокс кечалари бўлиб ўтади. Қувонарлиси, мазкур жангларда бир қатор ҳамюртларимиз ҳам рингга кўтарилади. Бу борада энг катта масъулиятни бўйнига олган, тиниб-тинчимас мураббий, Набижон Исмонов ҳозирда, Екатеринбургда бўлиб турибди ва барча боксчиларимизни жангга шахсан ўзи тайёрлаяб бормоқда. Биз ушбу мураббий,Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси бош директори ҳамда тажрибали ҳакам билан боксчиларимизнинг тайёргарлик жараёнлари борасидаги фикрлари билан ўртоқлашдик!

Ассалому алайкум! Россиянинг об-ҳавосига мослашиб олгандингизми?

– Бу ерда ҳам иссиқ кунлар бошландм, лекин ватан соғинчи, юртимиз ҳавоси, бир сўз билан айтганда Ўзбекистонни жуда соғиндик! Гарчи, бу ерга келганимга кўп бўлмаган бўлсада...

– Келинг энди шогирдларингизнинг тайёргарлик жараёнлари борасида бироз маълумот бериб ўтсангиз?

– Жанга ҳозирлик аъло даражада ташкил қилинган! Биласиз, бу ерда боксчиларимиз нуфузли промоушенлардан бири RMKA билан шартномага эга. Мазкур промоушен мутасаддилари барча шароитларни яратиб берган!

Ҳамюртларимизнинг рақиблари борасида қандай тасаввурга эгасиз?

– Рақиблар ҳақида етарлича маълумотга эгаман. Жуда кучли боксчилар. Мисол учун 18 апрель куни бўлиб ўтадиган бокс кечасида ЖалолиддинЎктамовга рақиблик қиладиган россиялик Денис Хаматов февраль ойида кубалик жуда кучли боксчини мағлубиятга учрата олганди. Қолаверса, мезбонлик фактори ҳам бор, лекин бизнинг ўғлонлар ҳам жуда яхши формада. Деярли бир неча ойдан буён Жалолиддин шу ерда машғулотлар олиб бораяпти.

– 22 апрель куни ринга кўтариладиган йигитларимизнинг рақиблари ҳам жуда тажрибали боксчилар. Айниқса, Сардор Музаффаров билан жанг олиб борадиган россиялик Мурад Арслонов МДҲ давлатлари бўйича чемпионлик камарига эга ҳисобланади. Шундай бўлсада, RMKA промоутерлик компанияси Сардорга жуда катта ишонч билдирган. Ўйлайманки, ушбу шогирдим ҳам ишончни оқлайди.

– Равшан Умурзоқов борасида тўхталадиган бўлсам, ҳозирги кунда Равшан Россияда анчагина эътибор қозонган. Унга нисбатан қизиқишлар жиддий. Албатта, унинг рақиби ҳам оддий боксчи эмас. Жанг осон бўлади деб ўйламайман. Шундай бўлсада, учинчи жангида ҳам чиройли ғалаба қозониб, ғалабали одимини давом эттиради деб умид қиламан. Насиб қилса, халқимиз дуо қилиб, қўллаб-қувватлаб турса, барча ўғлонларимиз ғалаба қозонади.

– Степан Партновчи?

– Энг умидли, ёш боксчиларимиздан ҳисобланади. У ҳам жуда қаттиқ тер тўкяпти. Ўз устида тинмай ишлайди. Меҳнаткаш бола. Ўйлайманки, меҳнатини роҳатини албатта кўради.

– 4 май куни профессионал боксда илк жангини ўтказар экан?

– Албатта, у профессионал рингда дебют қилади. Насиб қилса, илк қадами омадли чиқади.

– Азамат Эргашев ҳам 4 май куни навбатдаги жангини ўтказади. Бу боксчимизнинг имкониятлари қандай?

– Азамат Эргашев тажрибали ва истеъдодли боксчиларимиздан бири. У ҳақда ҳам фақат илиқ фикрларни билдира оламан. Масъулиятни ҳис қилиб турибди. Иштиёқи жуда юқори.

Тайёргарлик жараёнлари нечта босқичда бўлиб ўтди?

– Уч босқичда. Ҳозир сўнгги босқични якунлаш арафасидамиз.

– Барчасида ўзингиз иштирок этдингизми?

– Биринчи босқичини шахсан ўзим олиб бордим. Иккинчи босқични тажрибали мураббийлар билан биргаликда Муҳаммадмирзо Нажмиддинов олиб борди. Мана сўнги босқични яна ўзим олиб бормоқдаман.

– Мураббий сифатида режалаштирган ишларингиз амалга ошяптими, умуман олганда бош мақсадингиз нимадан иборат?

– Аста-секин барчаси амалга ошиб бормоқда, лекин қилинадиган ишлар жуда кўп. Мақсадимиз, юртимиз ўғлонларини профессионал бокс оламида довруқ қозонишига ҳиссамизни қўшиш. Бу борада қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Ҳозирда муҳтарам Президентимиз томонидан спортга жуда катта эътибор қаратилган. Бирор бир спортни ривожлантириш учун барча шароитлар бор. Миллий Олимпия Қўмитаси ҳамда Спорт вазирлигининг жонбозлиги ҳам бизга қўшимча куч-қувват бағишламоқда. Ўйлайманки, ўзбек профессионал боксни ривожлантириш учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Ўз ўрнида бизга ишонч билдирганларнинг ишончини оқлаш бош мақсадларимиздан ҳисобланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!