Наманганда спортга эътибор кучаймоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давомида Норин тумани ҳокимиятида вилоят фаоллари, ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузаси давомида “Обод қишлоқ” дастури бўйича амалга оширилган ишларга тўхталиб, қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш ва ободонлаштириш ҳаракатлари билан биргаликда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга эътибор зарурлигини таъкидлади.

- Қишлоқ ва маҳаллаларда болалар спортини кучайтириш зарур, чунки фарзандларимиз боғчадан бошлаб спортга меҳр қўйса, спортни оммавийлигини ошириш ва селекция ишлари кучаяди. Намангандан юзлаб Одил Аҳмедов ва Муроджон Аҳмадалиев сингари таниқли спортчилар етишиб чиққан. Ёш болалардан: “Ким бўласан?” деб сўрасангиз, “Мен Одил Аҳмедов, мен Муроджон Аҳмадалиев бўламан!” деб жавоб беради. Оксана Чусовитина эса Гиннес китобига киритилган, уни бутун дунё танийди. Яна шундай спортчиларни тарбиялаб чиқаришимиз керак, - деди президент.

Дарҳақиқат, вилоятда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантиришга эътибор кучаймоқда. Янги спорт иншоотлари ва майдонлари қурилиб, фойдлаанишга топширилмоқда. Спорт турлари бўйича Наманган вилоятида ўтказилаётган мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақалар сони кўпаймоқда. Велотрек, гандбол, енгил атлетика, муайтай усталари сўнгнги ҳафталар мобайнида “гуллар шаҳри” деб ном олган шаҳарда тўпланиб, чемпионларни аниқлашгани фикримизни тасдиқлайди.

Шу ҳафтада Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов Чуст туманида стол тенниси бўйича ташкил этилган ўқув-машқ йиғинлари, сув полоси бўйича Наманган шаҳрида ўтказилган мамлакат чемпионатини бевосита кузатиб, спортчилар ва мухлисларга яратилган шарт-шароитлар, ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар хусусида вилоят спорти мутасаддилари билан атрофлича фикр-мулоҳаза алмашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!