Наманганликлар кубокни ҳеч кимга бермади

Наманганда 1999-2000 йилларда туғилган ёшлар ўртасида муайтай бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.

Вилоят марказидаги яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтказилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 200 ёш спортчи 42 килограммдан 91 килограммгача бўлган ўн тўққиз вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда ўз вазн тоифасида барча рақибаларини мағлубиятга учратган Наманган вилоятидан Гулжаҳон Юнусалиева, Дурдона Давлатова, Андижон вилоятидан Гулнора Юнусова, Севара Ғуломжонова шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.

Ўсмирлар ўртасидаги курашда Наманган вилоятидан Босит Абдуалимов, Раҳим Болтабоев, Ўктам Бойматов, Фарғонадан Илҳом Абдураҳмонов, Тошкент шаҳридан Баҳодир Жадигеров, Фахриддин Ҳасанов, Шерзод Эшматов, Андижон вилоятидан Фаррух Ўринбоев, Азиз Нурматов, Иқбол Икромов, Самарқанд вилоятидан Давлат Шамсиев, Шаҳзод Воҳидов, Меҳрож Эргашев, Муҳаммад Мирзаев, Хоразм вилоятидан Азиз Мадаминов биринчи ўринни эгаллади.

Мусобақада 5 олтин, 2 кумуш, 3 бронза медалига сазовор бўлган наманганлик муайтайчилар умумжамоа ҳисобида ғолиб чиқди ва кубокни қўлга киритди. Самарқанд вилояти жамоаси иккинчи ва Тошкент шаҳри вакиллари учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал муайтай уюшмаси ҳамда вилоят ҳокимлигининг кубок, диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!