"Насаф" жамоаси кумуш медаллар билан тақдирланди

 

“Насаф” футбол клуби 2017 йилги чемпионатда иккинчи ўринни эгаллади ва ўз тарихида иккинчи марта кумуш медалга сазовор бўлди. Кеча “Марказий” стадионда кумуш медалларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, дея маълум қилади клуб матбуот хизмати. 

Танатанали маросимда Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти, сенатор З.Ш.Рўзиев, вилоят ҳокимлиги вакиллари, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ раҳбарияти, Ўзбекистон Футбол Федерациясининг бош котиби Сардор Ҳамидуллаевич Раҳматуллаев ва бошқа маъсул ходимлар, ОАВлари вакиллари, таниқли журналистлар ва бошқа меҳмонлар иштирок этишди.

Тақдирлаш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят футбол федерацияиси президенти, сенатор Зафар Шаропович Рўзиев "Насаф" футбол клуби раҳбариятини ва мураббийларни ҳамда барча футболчиларни қўлга киритилган ютуқ билан муборакбод этди.

Шунингдек маросимда таниқли шарҳловчи, устоз журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Рустамович Имомхўжаев ҳам иштирок этдилар ва “Насаф” футбол клубини катта ютуқ билан табрикладилар.

Тантанали маросимда бир қанча номинатсиялар бўйича футболчилар муносиб тақдирланишди. Номинантлар эълон қилингунга қадар клуб матбуот хизмати томонидан тайёрланган видеороликлар катта экранда намойиш этилиб турилди.

“Насаф” футбол клубининг “Энг яхши дарвозабони” сифатида Санжар Қувватов эътироф этилди.
Жамоамизнинг “Энг яхши ҳимоячиси” сифатида Акмал Шораҳмедов тақдирланди.

“Насаф” клубининг “Энг яхши ярим ҳимоячиси” деб Азизжон Ғаниев эътироф этилди.

“Насаф” клубининг “Энг яхши ҳужумчиси” номига Бобир Абдухолиқов сазовор бўлди.

“Насаф” клубининг “Энг яхши тўпурари” легионер ҳужумчи Драган Черан тан олинди.

“Насаф” футбол клубининг “Энг яхши футболчиси” этиб ярим ҳимоячи Баҳром Абдураҳимов эътироф этилди.

Номинантларга махсус совғалар ва дипломларни Қашқадарё вилояти хокимлиги вакиллари, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг раҳбар ходимлари ва вилоят ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда вилоят футбол федерацияси раҳбарияти танатанали равишда топширишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!