"Насаф" мухлисларини хақоратлаган Лобанов моддий жаримага тортилди

20 ноябрь,2017, 18:01 1838

 


"Пахтакор" футбол клуби раҳбарияти жамоа дарвозабони Александр Лобановнинг Қаршидаги ўйиндан кейин ўзини тутиши борасида йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 

"Йиғилишда Лобановнинг "Насаф" билан беллашувдан сўнг мухлислар провокациясига жавоб қайтариб, уларга нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлгани кўриб чиқилди. Якунда "Пахтакор" дарвозабонининг ўша ҳаракати кескин танқид остига олинди ва Лобановга нисбатан "Пахтакор" футбол клуби томонидан зарур чора кўрилиб, моддий жарима белгиланди. Бундай вазият яна рўй берган тақдирда кескинроқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Александр Лобанов Қаршидаги учрашувдан сўнг рўй берган ҳолатдан афсусда эканини маълум қилди. Бунга унинг ўйиндан кейин жуда асабийлашгани сабаб бўлган. Дарвозабон "Пахтакор" футбол клуби ҳамда мухлислардан бунинг учун кечирим сўрайди. Лобанов бундай ҳодиса бошқа қайтарилмаслигига ваъда берди.

"Пахтакор" футбол клуби футболчиларнинг хулқи ва ўзини тутиши доимо кузатувда эканини маълум қилади. Ўйинчиларга нопрофессионал ҳаракатлари учун чоралар кўрилиб, улар жазога тортилади. Клуб Ўзбекистоннинг байроқдор жамоаси номига мос ҳолда фаолият олиб боради", - дейилади "Пахтакор" ФК баёнотида.