"Насаф" тарбияланувчилари Қатарга сафар уюштиришади

Хабарингиз бор, ўтган йилнинг 17 октябрь куни Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов Қатар Футбол Уюшмасининг Президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ол Танийнинг таклифига кўра Доҳага хизмат сафари уюштириб, Қатар футболи мансабдор шахслари билан учрашганди.

Қатарда бўлиб ўтган учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва Қатар футболини янада ривожлантириш учун ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш йўлида меморандум имзолагандилар. Шунингдек, Умид Аҳмаджонов Қатардаги дунёга машҳур “Aspire” академиясига ташриф буюриб, у ердаги шароитлар билан танишган ҳолда, Ўзбекистонда ҳам ана шу тажрибани йўлга қўйиш борасидаги ҳамкорлик масаласида келишувга эришганди.

Қатарнинг дунёга машҳур “Aspire” жамоаси Осиёнинг энг яхши академиялари тарбияланувчилари иштирокида ташкил этаётган мусобақага, икки мамлакат футбол ассоциациялари ўртасидаги меморандумга асосан Ўзбекистондан ҳам футболчиларни таклиф этди.

Хабарингиз бор, “Насаф” футбол мактаби 2017 йил якунига кўра Ўзбекистоннинг энг яхши академияси сифатида эътироф этилганди.

Мазкур мусобақада “Насаф” футбол мактабининг 2000 йилда туғилган тарбияланувчиларидан иборат жамоаси (мураббийлар: Нурали Султонов, Насим Шойимов), 2001-2002 йилда туғилганлар жамоаси (мураббий: Павел Кшнякин) ва 2003 йилда таваллуд топган тарбияланувчилардан иборат жамоа (мураббий: Умар Раҳматуллаев ва Жасур Ибрагимов) иштирок этишади. Бу ҳақда Қарши клуби расмий сайти хабар бермоқда.

Жамоаларнинг ҳар бири 16 нафар ёш футболчиларимиздан иборат. Шунингдек жамоаларга, ёш дарвозабонлар мураббийи Михаил Наумов ҳамда шифокор Суннат Сахаддиновлар ҳамкорлик қилишади.

Қатардаги мусобақа 1-4 апрел кунлари бўлиб ўтади. Ҳар бир ёш тоифасидаги жамоалар 2тадан учрашув ўтказишади. Шунингдек жамоалар Қатарлик тенгдошлари билан биттадан ўртоқлик учрашувларида ҳам майдонга тушишади.

Ёш футболчиларимиздан ибора делегация 31 март куни Тошкент-Истанбул-Доҳа ҳаво йўнлиши бўйича Қатарга йўл олишади. Делегацияга футбол мактаби директори Сергей Кучеренко раҳбарлик қилади.

"Насаф" тарбияланувчиларининг Қатардаги мусобақага бориш-келиш харажатларининг барчаси Қатар футбол Ассоциацияси томонидан қопланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!