“Насаф” янги мавсумда чемпион бўлмоқчи

Футбол бўйича XXVI Ўзбекистон чемпионатининг бошланишига ҳам саноқли кунлар қолмоқда.

Баҳор фаслининг илк ойи – мартнинг 3-кунидан мамлакатимиз стадионларида футбол бўйича XXVI Ўзбекистон чемпионати  ўйинлари бошланади.

Ўзбекистон кумуш медали (2011 йил) ва ўн карра бронза медали соҳиби, Ўзбекистон кубоги соҳиби (2015 йил) ҳамда Ўзбекистон суперкубоги (2016 йил) соҳиби бўлган “Насаф” жамоаси жорий чемпионатнинг илк учрашувини сафарда “Қўқон-1912” жамоаси билан ўтказади.

Жамоа бу йил ўз тарихида 21-марта олий лигада  иштирок этади.

“Насаф” олий лигада 1997 йилдан ишитирокини бошлаган бўлса, ҳозиргача 20 марта мамлакатимиз чемпионатларида иштирок этди. Ушбу чемпионатларда жами 588та учрашув ўтказилди. Чемпионатларда 330та ғалаба, 112 дуранг ва 146 марта мағлубиятга учралди. Футболчиларимиз рақиблар дарвозасига 1068та тўп киритишиб, ўз дарвоазасидан 667та тўп олиб чиқишган. Ўтказилган учрашувларда 1102 очко қўлга киритилган. Қуйидаги жадвал орқали ана шу ютуқлар қайси мураббийлар бошчилигида қўлга киритилганини билиб оласиз.

Чемпионатлар Йиллар Жамоалар   сони Эгалланган   ўринлар Мураббийлар
VI 1997 18 6 Виктор Борисов
VII 1998 16 5 Виктор Борисов
VIII 1999 16 11 Виктор Макаров
IX 2000 20 3 Баҳром Ҳакимов
X 2001 18 3 Баҳром Ҳакимов
XI 2002 16 4 Баҳром Ҳакимов
XII 2003 16 4 Баҳром Ҳакимов
XIII 2004 14 4 Б.Ҳакимов, З.Турақулов
XIV 2005 14 3 Олег Морозов, З.Турақулов
XV 2006 16 3 Баҳром Ҳакимов
XVI 2007 16 6 Б.Ҳакимов, В.Ни, В.Фомичев
XVII 2008 16 9 В.Борисов, Э.Гесс, У.Тошев
XVIII 2009 16 3 Виктор Кумиков
XIX 2010 14 3 В.Кумиков, А.Демьяненко
XX 2011 14 2 А.Демьяненко
XXI 2012 14 4 Р.Бердиев, У.Тошев, Р.Бердиев
XXII 2013 14 3 Рўзиқул Бердиев
XXIII 2014 14 3 Рўзиқул Бердиев
XXIV 2015 16 3 Рўзиқул Бердиев
XXV 2016 16 3 Рўзиқул Бердиев

 

Таркибдаги ўзгаришлар

Ўтган мавсум ниҳоясига еткач, жамоамизни 4 нафар футболчи тарк этди. Тажрибали ярим ҳимоячимиз Фозил Мусаев Япония клубига ўтган бўлса, Ильдар Маматказин ҳам хорижда тўп тепадиган бўлди. Азамат Алланиёзов эса “Қизилқум”га, Шуҳрат Муҳамматиев “Локомотив” жамоаси аъзосига айланди.

Ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида жамоамиз сафида фаолият юритган Огнен Красич билан шартнома муддати узайтирилмади.

Бу йилдан жамоамиз сафига тажрибали ҳимоячи Акмал Шорахмедов қўшилди. Бунгача “Бунёдкор” жамоасида тўп тепган футболчи, миллий терма жамоамиз сафида ҳам кўплаб майдонга тушганлиги ҳақида биласиз. Шунингдек бунгача ўринбосарлар ва қуйи лигада иштирок этган жамоаларимиздан бир қатор ёш футболчилар асосий таркибимиз ўйинчиларига айланишди.

Кейинги йилларда “Насаф” клуби ўз таркибини футбол мактабимиз тарбияланувчилари ҳисобига тўлдириб бориши клубнинг устивор йўналишига айланди. Бу ҳолат кўпгина ёш футболчиларимизга футбол мактабида олган билим ва маҳоратини катта футболда синаб кўриш имконини яратди. Уларда асосий таркиб ўйинчисига айланишига катта ишонч ҳам пайдо қилди. Ҳозирги пайтда “Насаф”нинг асосий таркибида ана шундай ўн уч нафар футболчи борлиги албатта қувонарли ҳол. Бундан ташқари ёш футболчиларимизга энди европанинг етакчи клублари ҳам қизиқиш билдираётгани фахрлидир. Демак, “Насаф” клубининг футбол мактаби фаолияти тўғри йўлга қўйилган ва мактабда фаолият юритаётган мураббийларимизнинг меҳнати ўз мевасини бера бошлади.

Хуллас, жамоа таркиби шакллантирилди. Энди футболчилар клуб раҳбарияти, мураббийлари ва мухлислари ишончини оқлашса бўлди.

 

Янги мавсум тайёргарликлари

Янги мавсум тайёргарликларини 2016 йил 20 декабр кунидан бошлаган жамоаз шу пайтгача нафақат Қарши шаҳрида балки хорижда ҳам йиғин ўтказди. Хорижий йиғинда 6та назорат учрашуви ўтказилиб, унда асосан европа клублари жамоамизга спарринг рақиблар бўлди. Хорижда ўтказилган назорат учрашувларининг барчасида "Насаф"нинг қўли баланд келди.

Ўйлаймизки, жамоамиз учун янги мавсум тайёргарликлари кўнгилдагидек ўтди.

 

Мақсад ва вазифалар

Жамоанинг олдидаги асосий мақсад, аввало футбол ишқибозларига чиройли ва мазмунли ўйинларни тақдим этиш. Мамлакатимиз миллий терма жамоаси таркибига муносиб ўйинчилар етказиб бериш. Жамоамиз олдидаги вазифа ҳеч қачон ўзгармайди. Бу мамлакат чемпионатида юқори натижага эришиш ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш. Бу орқали қитъамизнинг клублар ўртасидаги нуфузли мусобақаси - Осиё чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритиш. Жамоамиз ана шу мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун мамлакатимиз яшил майдонларида кураш олиб боради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!