“Навбаҳор” – “Хоразм” учрашуви олдидан

24 март,2017, 17:11 451

“Навбаҳор” – “Хоразм” учрашуви олдидан

 

Эртага Ўзбекистон кубогининг 1/16 финалида “Навбаҳор” Урганчнинг “Хоразм” клубини қабул қилади. Мамлакат кубогидаги "лочинлар"нинг рақиби “Хоразм” жамоаси 1994 йили Ўзбекистон чемпионатининг биринчи лигасида “Динамо” номи билан иштирок этишни бошлаган. Икки мавсум давомида қуйи лигада иштирок этган урганчликлар 1995 йил якунига кўра олий лигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди. 1997 йилдан эса жамоа "Хоразм" номи остида мамлакат чемпионатининг олий ва биринчи лигаларда фаолият кўрсатиб келмоқда. Урганчликлар ўтган вақт давомида бир неча бор "элита"ни тарк этишга мажбур бўлишган. 2008 йил якунларига кқра яна кучлилар сафига қайтган "Хоразм" 2010 йилги чемпионат якунига кўра олий лига билан хайрлашган. Шундан бери жамоа биринчи лига мусобақаларида қатнашиб келмоқда. Бу ҳақда "Навбаҳор" матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Мамлакат кубогида ҳам 1994 йилдан бери қатнашаётган урганчликлар мусобақадаги иштирокларини асосан дастлабки босқичларда якунлашга мажбур бўлишган. 2009 йили “Хоразм” чорак финалда тўп суриш имкониятига эга бўлган. Аммо, урганчликлар мазкур босқичда Қаршининг “Насаф” клубидан 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраб, кубокдаги юришларини тўхтатишга мажбур бўлишган.

“Хоразм” “Навбаҳор” билан Ўзбекистон кубоги доирасида бир марта куч синашган. 2007 йилги мусобақанинг дастлабки босқичида Урганчда мезбонлик қилган “Хоразм” футболчиларимизга 0:6 ҳисобида имкониятни бой берган. 2007 йилнинг 9 март санасида ўтказилган учрашувдаги ҳисобни 26-дақиқада айни пайтда жамоамиз мураббийлар штабида фаолият юритаётган Шерзод Шарипов пенальтини аниқ амалга ошириш орқали очганди. Константин Боев (42,45), Абдуазиз Султонов (72,90+1) иккитадан гол уришган бўлса яна битта голга Дилшод Жабборов (51) муаллифлик қилган. Султонов ва Жабборовлар ҳозирда ҳам “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилишаётганликлари сабабли ўзаро ўйинлардаги голлари сонини ошириб олиш имконига эгалар.

Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда бўлиб ўтадиган учрашувни тошкентлик Аҳмаджон Эргашев бошқариб боради. Эргашевга қанотларда жиззахлик Шавкат Файзиев ва Тошкент вилоятилик Султонмурод Улфатовлар ёрдам беришади. Захирадаги ҳакам сифатида бухоролик Элёр Турсунов қайд этилган. Назоратчи ҳакам вазифаси эса тошкентлик Олег Рубаков зиммасига юклатилган. Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” - “Хоразм” учрашуви соат 16.00да бошланади.