“Навбаҳор” дарвозасига яна пенальти қўйилди. Бош мураббий қандай фикрда?

 

Ўзбекистон Кубоги 1/8 финал дастлабки ўйинидан ўрин олган “Нефтчи” – “Навбаҳор” (1:0) учрашувидан сўнг лочинлар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

“Биласиз, “Нефтчи”га қарши ўйинимиз дерби мақомида бўлади. Бугунги ўйин биз учун Ўзбекистон чемпионатида “Бунёдкор”га қарши тайёргарлик вазифасини ўтади. “Навбаҳор” мамлакат кубоги доирасида кейинги босқичга чиқиш йўлланмаси учун шиддат билан ҳаракат қилди. Саматовнинг жуда қўпол хатосидан сўнг бир киши кам бўлиб қолдик.

“Нефтчи” эса қарши ҳужумдан фойдаланиб кетди. Алишерга кўрсатилган қизил карточкани адолатли деб ҳисоблайман. Бу борада ҳакамнинг қарорига қўшиламан. Иккинчи бўлимда футболчилар ўзларига келишгач ҳимоявий ўйин намойиш этишди. Тўғри, 1:0 ҳисобида мағлуб бўлдик, аммо олдинда жавоб учрашуви бор. Барчаси Наманганда хал бўлади. Эндиликда “Бунёдкор”га қарши ўйинга жиддий ҳозирлик кўрамиз.

“Қалдирғочлар” билан кечадиган ўйинда тўртта йўқотишимиз бор. Бугун айрим футболчиларни текшириб олдим. 27 майдан сўнг “Нефтчи”га қарши жавоб учрашувига тайёрланамиз. Яна такрорлайман, “Навбаҳор” қўпол ўйнамайди! Биз агрессив футбол кўрсатамиз. Ҳа, бугун биргина Саматовнинг қўпол хатоси қизил карточкага олиб келди. Аммо қолган ўйинларда шогирдларим ҳар бир сантиметр учун курашишади.

Огоҳлантиришларни берган ҳакамга бирор нима дея олмайман. Улар ўзларига керакли хулоса чиқаришади. Ҳакамларнинг фаолиятини бахолайдиган назоратчилар бор. Дарвозамизга пенальти белгиландими, демак ҳакамлар хақ. Лекин руҳий тарафдан футболчилар “синишмоқда”. Биринчи бўлимдан сўнг яна дарвозамизга пенальти белгилангач, йигитлар тушкун кайфиятга тушишди. Бундай вазиятда бош мураббийнинг аҳамияти катта.

Мансур Саидовни иккинчи бўлимда алмаштирганимиз сабаби? Бир киши кам бўлиб қолганимиз учун ҳимоявий ўйин намойиш қилдик. Мансур "Бунёдкор"га қарши ўйинга яхши холатда бўлиши учун унга дам беришга қарор қилдик. Аббос Отахновни ҳимоя чизиғини кучайтириш учун захирадан туширдик. "Нефтчи" масаласида фикр билдира олмайман. Уларга омад тилайман. Олдимизда бир хафтанинг ичида иккита ўйин бор. Шундан сўнг 14 кунлик танаффус. Таркибдаги йўқотишларимиз кўп. Худога шукур, Рўзимбой Аҳмедов бугун 12 дақиқага майдонга тушди ва ўзини яхши хис қилди. У навбатдаги баҳсларда ўзини кўрсатишидан умидворман”, – деди Илҳом Мўминжонов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!