"Навбаҳор" ўртоқлик ўйинида "Металлург"га имкониятни бой берди


Бугун "Навбаҳор" клуби пойтахт йиғинидаги тўртинчи назорат учрашувида майдонга тушди. Бу галги ўйинда наманганликларга Бекободнинг “Металлург” клуби рақиблик қилди. Дастлабки учта учрашувда икки ғалаба ва битта дуранг қайд этган “Навбаҳор” бу сафар рақибга 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

Учрашувнинг биринчи бўлим ўрталарида "Навбаҳор" аъзоси ҳисобни очишга эришди. Мирзоҳид Ғофуровнинг қанотдан узатиб берган тўпини Азизбек Турғунбоев боши билан дарвозага йўллашни уддасидан чиқди. Танаффусга яқин бекободликлар икки бор муваффақият қозонишди. Дастлаб, “Металлург” футболчиси "Навбаҳор" дарвозасига белгиланган пенальтини аниқ амалга ошириш орқали ҳисобни очган бўлса, биринчи бўлим сўнггида Турсунбоев дарвозаси иккинчи бор нишонга олинди.

Иккинчи бўлимда томонлар биттадан гол уришди. Дастлаб бекободликлар ҳисобни 3:1 кўринишига келтириб қўйишди. Учрашув якунланиши арафасида Алишер Маҳмудов “Металлург” дарвозасига белгиланган пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни қисқартирди.

"Навбаҳор" - "Металлург" 2 - 3

"Навбаҳор" учрашувни қуйидаги таркибда ўтказди: Акмал Турсунбоев, Ҳасанбой Эргашев, Ғиёс Комилов, Аббос Отахонов, Тоҳир Шамситдинов, Жаҳонгир Меҳмонов, Азизбек Турғунбоев, Рўзимбой Аҳмедов, Мирзоҳид Ғофуров, Дилшод Жабборов, Неманья Йованович. Захирадан майдонга тушганлар: Алишер Маҳмудов, Алишер Мирзаев, Ислом Исоқжонов, Равшан Хурсанов, Абдуазиз Султанов, Акмал Ортиқов.

"Навбаҳор" клуби матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!