“Навбаҳор” ўртоқлик ўйинида “Сўғдиёна”га ҳам ютқазди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

 

Бундан бироз вақт олдин Қибрайда “Навбаҳор” ва “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги назорат ўйини якунланди. Бу сафарги учрашувда ҳам наманганликлар рақибга имкониятни бой берди. Ёдингизда бўлса “лочинлар” ўтган ҳафтада "Металлург" клубига 2:3 ҳисобида ютқазишганди. Ўйиннинг биринчи бўлимида урилган ягона гол “Сўғдиёна”нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Учрашувнинг биринчи бўлими тенг курашлар остида ўтган бўлсада, жиззахликлар ҳисобни очишга эришишди. Рақиб футболчиси 25 метрлардан белгиланган жарима зарбасини голга айлантиришни уддасидан чиқди. Эминовнинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегиб тўрдан жой олди. Танаффусдан кейин “Навбаҳор” футболчилари ҳисобни тенглаштириш учун бир қатор ҳужумлар ташкил этишди. Гол уриш учун имкониятлар бўлсада вазиятлардан фойдаланишда аниқлик етишмади. Иккинчи бўлим ўрталарида ҳар икки жамоа аъзолари ўзаро тортишиб кетишди. Шу сабабли ҳакам уч нафар футболчига қизил карточка кўрсатди. “Навбаҳор”дан Алишер Маҳмудов ва Алишер Мирзаев майдондан четлатилишди. Назорат ўйини бўлганлиги сабабли ўйинчилар сонини тенглаш мақсадида Равшан Хурсанов яна сафга қўшилди.

Учрашувни “Навбаҳор” қуйидаги таркибда ўтказди: Асилбек Омонов, Жаҳонгир Меҳмонов, Ғиёс Комилов, Тоҳир Шамсиддинов, Алишер Саматов, Аъзам Алиев, Дилшод Жабборов, Ойбек Қиличев, Мирзоҳид Ғофуров, Рўзимбой Аҳмедов, Равшан Хурсанов.

Захирадан майдонга тушганлар: Азизбек Турғунбоев, Алишер Маҳмудов, Ҳасанбой Эргашев, Абдуазиз Султанов, Акмал Ортиқов, Аббос Отахонов, Илҳом Бойдедаев, Алишер Мирзаев.

Учрашувда жамоанинг сербиялик ҳужумчиси Неманья Йованович иштирок этмади. Легионер футболчи машғулот ўтказиш билан чекланди. Яна бир дарвозабон Нодир Ашурматов эса захирада қолдирилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!