Наврўзбек Ҳаипов: Олий лигада ҳам тўпурар бўлишни истайман ва бу мақсад йўлида астойдил мехнат қиламан

13 март,2017, 10:29 444

Наврўзбек Ҳаипов: Олий лигада ҳам тўпурар бўлишни истайман ва бу мақсад йўлида астойдил мехнат қиламан

Наврўзбек Ҳаипов: “Олий лигада ҳам тўпурар бўлишни истайман ва бу мақсад йўлида астойдил мехнат қиламан”

Бунгача асосан биринчи лигада “Орол” шарафини ҳимоя қилган қорақалпоғистонлик ҳужумчи Наврўзбек Ҳаипов жорий мавсумдан буён олий лига вакили “Обод” шарафини ҳимоя қилмоқда. 27 ёшли футболчи ўткан мавсум “Орол” сафида ўйнаб, 30та гол уриб чемпионат тўпурарига айланди. Унинг ушбу натижаси  “Обод” расмийларини беэътибор қолдирмади. Натижада Ҳаипов яқинда элитада ўз дебютини ўтказди. 1-2-турда “Навбаҳор” ва “Қўқон-1912”га қарши кечган баҳсларда Наврўзбек ақиб дарвозасини ишғол этиб, кўпчиликни эътиборини тортди. Айниқса у қўқонликларга қарши ўйинда захирадан майдонга тушиб, “Обод”ни мағлубиятдан қутқариб қолди. 

- Наврўзбек, жамоангиз ўз уйида “Қўқон-1912” билан дуранг қайд этиб, чемпионатдаги биринчи очкосини қўлга киритди. Ушбу натижа билан сизни табрикласак бўладими?

- Йўқ, бугун биз икки очко йўқотдик. Тўғри, бу йил “Қўқон-1912”нинг таркиби тажрибали футболчилар ҳисобига кучайтирилган. Аммо “Обод” ўз майдонида ўйнади. Ўз уйимиздаги илк баҳсда мухлисларимизни ғалаба билан хурсанд қилишни ўйлагандик. Афсуски уч очкони қўлга кирита олмадик. 

- Ўйин тўғрисида нима дейсиз?

- Менимча бугунги учрашувда ҳам “Обод” ёмон харакат қилмади. Ўз майдонимиздаги илк ўйин эди. Йигитларда қандайдир ҳаяжон бўлдими бошида. Қолаверса тезкор гол ҳам жамоадошларимга руҳан ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Иккинчи таймда эса ҳисобн тенглаштириб, вазиятни ижобий томонга ўзгартира олдик. Кўрган бўлсангиз, иккинчи бўлимда ғалаба тўпини ҳам киритсак бўларди. Вазиятлар бўлди. Аммо аниқлик етишмади. Битта вазиятда гол урганимиздан сўнг, ҳакам ўйиндан ташқари холат дея инобатга олмади. Менимча у 50х50 вазият эди. Қўқонликлар таркиби ҳам чакки эмасди. Улар ҳам сафардан ғалаба билан қайтиш илинжида астойдил харакат қилди. Менимча дуранг ўйинга мос бўлди.     

- “Қўқон-1912”нинг таркиби кучли ижрочилардан ташкил топган дея айтиб ўтдингиз. Бу нарса сизларни ўйин аввалида хавотирга солмадими?

- Йўқ. Менимча бугунги кунда олий лиганинг ҳар бир жамоаси билан ўйнаса бўлади. “Локомотив”, “Бунёдкор”, “Насаф”... Лекин бу йил “Обод” таркибида айрим ўзгаришларга қўл урилди. Футболчилар ҳозирча бир-бирларини тўлиқ тушуниб кетмаган. Асосийси жамоада ички муҳит аъло даражада. Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун харакат қилади. Қайси жамоага қарши бўлмасин доимо майдонга ютиш учун чиқамиз.   

- Рақиб жамоадан қандай ўйин кутгандинглар?

- Учрашувдан аввал қўқонликларнинг кўпроқ қарши ҳужум тактикасида ўйнашларини таҳмин қилгандик. Ўйин бошида улар айнан қарши ҳужумга ўтиб, гол урди. Шундан сўнг асосий эътиборини яна ҳимояга қарата бошлади. Бундай пайтда ҳисобни тенглаштириш қийин кечади. “Обод” гол ургач, “Қўқон-1912” олдинга ўта бошлади. 

- Чемпионатнинг биринчи турида Намангандаги ўйинда захирадан майдонга тушиб, ҳисобни қисқартирувчи голни ургандингиз. Бугунги баҳсда ҳам мураббийлар сизни яна захирадан майдонга туширди...

- Кимни қайси пайтда майдонга тушишини мураббийлар ҳал қилади. Менинг вазифам эса майдонга тушгач, гол уриб жамоамга фойда келтиришдир. Яратганга шукурки, икки ўйинда ҳам рақиб дарвозасига тўп киритишга муваффақ бўлдим. Насиб қилса келгуси баҳсларда ҳам майдонга туширишса активимдаги голлар сонини кўпайтиришга астойдил харакат қиламан.

- Захирадан майдонга тушаётганингизда сизга қандай кўрсатмалар беришмоқда?

- Раҳбарият менга ишонч билдирмоқда ва гол уришимга ўзимни ҳам ишонтириб, руҳимни кўтармоқда. Ишонч бўлса кўпинча харакатларингиз ҳам бесамар кетмайди. 

- Шахсан ўзингиз захирадан майдонга тушаётганингизда гол уришингизга қанчалик ишонгандингиз?

- Ростини айтганда, бунга 100 фоиз ишонгандим. Ўйиндан олдин яхши ният қилиб, жамоадошларимга бугунги ўйинда майдонга туширишса, иккита гол ураман деб айтганман. Лекин битта уриш насиб қилди холос. Муҳими урган голим жамоамни мағлубиятдан қутқариб қолди. Шунисига ҳам шукур қиламан. 

- “Навбаҳор” билан ўйинда ҳудди бугунгидек захирадан тушиб, тўпни бу сафар ҳам бош билан дарвозага киритгансиз. Очиғини айтганда, жуссангиз у қадар баланд бўлмасада  ҳаводаги тўп учун курашларда рақибларингиздан “қочиб” кетиб, ютиб чиқмоқдасиз. Бу омад туфайлими ёки илгари ҳам бош билан голлар урганмисиз?  

- Ҳужумчида голни олдиндан сезиш қобиляти бўлиши керак деб айтишади. Кейин тўғри жой танлаш ҳам муҳим саналади. Менимча бўйнинг узунлиги ёки кичиклигини унчалик аҳамияти йўқ. Керакли жойда тўғри позиция танлаб, тўпни дарвозага аниқ йўлласангиз кифоя. Олдин ҳам калла ёрдмида гол урганман.  

- Адашмасак, бу йил олий лигада дебютингизни ўтказмоқдасиз. Тўғрими?

- Ҳа, бу йил расман шундай деса ҳам бўлади. Илгари “Нефтчи” таркибида ҳам Ўзбекистон Кубогида айрим баҳсларда ўйнаганман. Чемпионатда ҳам сўнгги дақиқаларда майдонга тушганман. Аниқ эслай олмайман қайси ўйиндалигини. Лекин ўзим учун бу йил дебют бўлди деб ҳисоблайман.

- “Нефтчи” сафида нечанчи йилларда бўлгансиз? 

- 2010 йилдан 2012 йилга қадар фарғоналиклар таркибида юрганман. У ерда асосан ўринбосарлар иштирокидаги учрашувларда ўйнаганман. 

- 20 ёшингизда “Нефтчи”га бориб қолишингиз қандай юз берганди?

- Ўша пайтда Қорақалпоғистоннинг “Жайхун” жамоаси сафида Термизнинг “Сурхон”ига қарши назорат ўйинида майдонга тушгандик. Шу куни рақиб таркибида Равшан Дўрмонов ҳам ўйнаганди. Учрашув чоғида мени у киши яхши кузатиб борган экан. Баҳс якунига етгач, акаси Рустам Дўрмоновга тавсия қилган. Шу тариқа “Нефтчи” ёшлар жамоаси мураббийлари мени кўрикка таклиф этган ва шундан сўнг клуб билан шартнома тузгандик. 

- Ўша пайтда “Нефтчи” устози Юрий Саркисян ёшларга катта ишонч билан қарарди ва кўплаб футболчиларни кашф этган. Сизнинг бош жамоада ўйнаб кета олмаганингизга нима сабаб бўлганди?

- Асосан жарохатлар исканжасида қолиб кетганман. Ҳар мавсум бошида жарохатга йўлиқиб, 3-4 ой муддатга сафдан чиқардим. Сўнгра спорт формамни тиклашим қийин кечган. Бу эса руҳан менга таъсирқ қилиб, тушункунликка тушиб қолгандим. 

- Ўткан йили биринчи лигада ўртамиёна жамоа бўлмиш  “Орол” таркибида харакат қилиб, чемпионат тўпурари бўлдингиз. 30та гол уриш осон бўлмагандир?

- Ҳа, албатта. Мавсум бошида ўз олдимга 30та гол ураман дея мақсад қўйгандим. Қандай қилиб бўлмасин бунга эришаман дея, машғулотларда қаттиқ ишладим. Ўйинда эса имкониятлардан унумли фойдаланишга харакат қилдим. Биринч лигада ўйнаб, элита клубларининг назарига тушиш осон эмас. Бунга фақат тўпурар бўлиш орқали эришиш бирмунча енгил кечади. Биринчи лигада ҳам рақиб дарвозасини ишғол этиш қийин. Боз устига “Орол” лигада ўртамиёна жамоа саналади. Таркиб сезиларли равишда ёшартирилган. Лекин шунга қарамай мақсадимга етдим. Бунда жамоадошларимнинг ҳиссаси катта бўлди. “Орол”даги барча-барчага раҳмат айтаман. Уларга келгусида омад тилайман. 

- “Обод”га сизни ким таклиф қилди? Мураббийми ёки раҳбарият?

- Бош мураббийимиз Рауф Инилеев олдин ўйинларимни кузатмаган. Бошқача айтганда, мен ҳақимда билмасди. Ўткан йили ёзда “Обод”га мени клуб директори Фарҳод ака Сафаров таклиф этиб, кўрикда қатнашишимни билдирганди. Аммо ўткан йили айрим сабабларга кўра жамоада қолиш насиб этмаганди. Жорий йил яна улар менга таклиф билан чиқишди.  

- Янги жамоага мослашиб кетиш қийин кечмадими?

- Йўқ, бу борада муаммога дуч келмадим. Жамоада йиғилган футболчиларнинг бир-бирига бўлган муносабатлари яхши. Ички муҳит зўр. Катта ва кичик ўртасида дўстлик бор. Аҳиллик энг катта ютуғимиздир. 

- Юқорида айтиб ўтдингиз, ўткан йили 30та гол уришни мақсад қилган экансиз. Айтингчи жорий мавсумдаги режаларингиз қандай?

- “Обод” сафида ҳар бир ўйинда бошланғич таркибдан жой олиш ва муҳим голларни уриб, жамоага фойда келтириш асосий мақсадларимдан биридир. Олий лигада ҳам тўпурар бўлишни истайман ва бунинг учун ўз устимда астойдил ишлайман. Биринчи мавсумим бўлсада тўпурар бўлишга уринаман. Бу орқали терма жамоа мураббийларининг эътиборига тушишга ҳам харакат қиламан. Биласизми “Обод”да клуб президенти ва мураббийларнинг мендан умиди катта. Уларнинг ишончини оқлаш учун бор кучимни ишга соламан. 

- “Обод”да сиздан ташқари яна тўпурар ҳужумчи Шохруз Норхонов ҳам ўйнамоқда. У билан тандем бўлиб ўйнаш қандай кечмоқда?

- Норхонов ўткан мавсум кашфиётига айланганди. Унинг техникасига гап-сўз бўлиши мумкин эмас.Ҳаводаги тўп учун курашларда ҳам кўпинча ютиб чиқади. Майдонда рақиблари қуршовида қандай харакат қилишни жуда яхши билади. Унда ҳужумчига зарур бўлган барча хусусият бор. Шохрузнинг инсонийлиги ҳам менда яхши таассурот қолдирди. Камтар йигит. У билан ёнма-ён ўйнаш бирмунча осон. Ўйлайманки келгусида ҳам Норхонов билан яхши тандем бўлиб, “Обод”га катта ёрдам берамиз.  

- Жамоанинг олдига қандай мақсад қўйилган?

- Раҳбарият томонидан аниқ бир вазифа жорий этилмаган бўлсада, биз футболчилар имкон қадар ҳар бир ўйинда очко жамғариб боришга харакат қиламиз. Бу йил таркибда озгина ўзгаришлар юз берди. Футболчилар вақт ўткани сайин бир-бирларини янада яхши тушуниб кетади.

- Бош мураббий сизда қандай таассурот қолдирди?

- Рауф Инилеев билан кўп вақт бирга ишламадик, ҳозирча. Лекин у кишининг қандай савиядаги мураббий эканлиги барчага яхши маълум. Ўз вақтида Осиёда тенгсиз мураббий деб топилган. Қолаверса миллий терма жамоани ҳам бошқарган. Бир сўз билан айтганда Рауф Талгатовичнинг тажрибасига шубҳа йўқ. Яқинда у киши Москвадаги шифохоналарнинг бирида операция қилинди. Менимча яқин орада жамоадаги ишини давом эттиришга киришади. Айни дамда эса машғулотларни ўйновчи мураббий Анвар Ғофуров ўтказиб турибди. 

- Янги жамоангиз билан неча йиллик келишувга эришгансиз?

- Билсангиз керак, “Обод”да қисқа муддатли шартномалар имзоланмайди. Менга ҳам клуб раҳбарлари 3 йиллик битимни имзолаш таклифини берди. Розилик билдирдим. Ўзаро суҳбатлашганимизда, айтишдики, келгусида олий лиганинг топ клубларидан ёки хориждан қизиқарли таклифлар бўлса кетишингга қаршилик кўрсатмаймиз деб. Эртага нима бўлишини ёлғиз Яратганнинг ўзи билади.

- Жамоадаги шароитлар қандай?

- Ёмон эмас. Клуб қароргоҳидан жой ажратилган. Ҳаммаси кўнгилдагидек. Фақат футбол ўйнаш керак холос. Бу ерга келишдан асосий мақсадим ҳам ўйнаш эди.