“Нефтчи” муваффақиятсизлигининг 5 сабаби

 

Олий Лиганинг 7-туригача чемпионатда ғалаба қозонмаган ягона жамоа – Фарғонанинг «Нефтчи» клуби бўлиб турганди. Сўнгги турда Жиззахда «Сўғдиёна» устидан минимал ҳисобда ғалабага эришган Андрей Федоров жамоаси ниҳоят турнир жадвалининг энг сўнгги поғонасини тарк этиб, 15-ўриндан жой олди. Йил бошида ўз олдига катта мақсадларни қўйган «Нефтчи»нинг мавсум стартини бу қадар ёмон бошлашига нима сабаб бўлди? Қуйида ушбу саволларга жавоб излашган интилдик.

Муваффақиятсиз селекция

Фарғона клуби мамлакатимизнинг энг номдор клубларидан бири саналади. Шунга монанд равишда жамоа ҳар йили ўз олдига юқори мақсадларни қўйиб келади. Жорий йилда ҳам клуб раҳбарияти Андрей Федоров бошчилигидаги мураббийлар штаби олдига рақобатдош жамоани шакллантириш ва чемпионатда юқори ўринларни олиш вазифасини белгилаган эди. Шунга яраша жамоанинг тайёргарлиги ва таркиби кучайтирилди. Афсуски, олиб борилган селекция ишларини ҳозирча муваффақиятли деб бўлмайди.

Ўтган мавсум якунларига кўра, жамоа Мансур Саидов, Шукурали Пўлатов, Алишер Саматов, Жаҳонгир Меҳмонов, Сардор Раҳмонов, Мурод Бобожонов, Акмал Холматов, Дамир Низанов ва Абдужамол Исроиловлар билан хайрлашди.

Уларнинг ўринга таклиф этилган Ҳамза Каримов, Музаффар Музаффаров, Муйдин Мамазулунов, Ризо Айвазов, Акром Баҳриддинов, Саид Абдужабборов сингари футболчилар эса ҳали ҳамон ўзларини кўрсата олишмаяпти. Легионерлар алоҳида мавзу.

«Нефтчи»га керак бўлмай қолган футболчилар эса Олий Лиганинг бошқа клубларида жавлон уришмоқда. Мансур Саидов, Шукурали Пўлатовлар алоҳида мавзу, қолган футболчиларга эътибор беринг. «Нефтчи»дан «Навбаҳор»га ўтган Жаҳонгир Меҳмонов, Алишер Саматовлар сўнгги тўрт тур давомида «Навбаҳор» сафида бирорта ҳам гол ўтказмай, Наманган клубининг 3-поғонадан жой олишига муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Фарғонани тарк этган Сардор Раҳмонов «Машъал» сафида ўз голлари билан Муборак клубининг етакчи ҳимоячисига айланиб олди. Чемпионат олдидан «Нефтчи»га «сиғмаган» Абдужамол Исроилов ва Дамир Низановлар бугунги кунда «Динамо»нинг етакчи яримҳимоячилари сифатида гавдаланиб, Самарқанд клуби билан мавсум кашфиётига айланиб улгуришди. Федоров таркиб танлаш борасида жиддий хатоларга йўл қўйганлигини собиқ футболчилар ўз ўйинлари билан исботлашмоқда.

Мансур Саидов

Фарғона футболи рамзига айланган Мансур Саидов Юрий Саркисян клубни тарк этганидан буён «Нефтчи»га деярли керак бўлмай қолгандек. Йил бошида футболчи Фарғона клуби билан келиша олмагач, унга дарҳол бир қатор клублар таклиф билан чиққан ва улар орасидан Саидов «Қизилқум» сафига бориб қўшилганди. Кўп ўтмай эса, «Навбаҳор» мураббийлари ва раҳбариятининг сайъ-ҳаракатлари билан Мансур Наманган клубида мавсумни бошлади. Қизиғи, Мансур «Нефтчи» мураббийларига керак бўлмай қолган бир пайтда, «Навбаҳор» бош мураббийи Илҳом Мўминжонов Саидовни Олий Лигани энг яхши беш яримҳимоячиларидан бири дея эътироф этди. Шунга жавобан фарғоналик футболчи ажойиб ўйинлари билан «Навбаҳор» сафида мавсумни юқори кайфиятда ўтказмоқда.

Парчаланган ҳимоя

Жорий мавсум олдидан «Нефтчи» мураббийлар штаби қўл остидаги футболчиларга, аниқроғи ҳимоя чизиғига муносиб баҳо бера олмади. Ўз вақтида моҳир ҳимоячи бўлган Андрей Федоров Шукурали Пўлатов, Жаҳонгир Меҳмонов, Алишер Саматов, Сардор Раҳмонов сингари ҳимоя чизиғига эга бўла туриб, янги мавсумда улардан бирортасини таркибда олиб қолмади. Жамоа сардори бўлган етакчи ҳимоячи Пўлатов Навоий клубида муносиб тўп сураётган бўлса, Меҳмонов, Саматовлар Наманганда, Раҳмонов эса Муборакда ўз «бахти»ни топди.

Туркия йиғини

Аслида эса Фарғона клуби раҳбарияти «Нефтчи»га водийнинг байроқдор клуби бўлиб қолиши учун барча имкониятни яратиб берган эди. «Навбаҳор», «Қўқон-1912» клублари ҳам хорижда йиғин ўтказиш имкониятига эга бўлсаларда, сафар харажатлари ўрнига таркибни кучайтиришди. «Нефтчи» эса Туркияда икки ҳафталик йиғин ташкил этиб, юқори даражада тайёргарлик кўришни лозим топди. Хориж йиғини қай даражада тайёргарлик вазифасини ўтаганлиги мавсум стартидаёқ кўринди – жамоа ҳозирда 15-ўринда бормоқда. Водийнинг икки клуби «Қўқон-1912» ва «Навбаҳор» эса Тошкентда йиғин ташкил этиб ҳам 2-3-ўринларда юриш мумкинлигини исботлашмоқда.

Хорижий йиғинлар клубларимиз учун аввало мавсум стартини муваффақиятли бошлаш учун ташкил этилсада, «Нефтчи» ҳам «Металлург», «Олмалиқ», «Пахтакор» сингари хорижда нима билан овора бўлганлиги мавҳумлигича қолмоқда. Жиддий тайёргарлик билан десангиз, бу клублар кўрсатаётган натижа аксинча хулосага сабаб бўлмоқда.

Легионерлар

Олий Лигадаги легионерлар учун ПФЛ регламентида ҳар қанча юқори талаблар қўйилмасин, клубларимизда савиясиз легионнинг пайдо бўлиши йўқолмаяпти. Андрей Федоров мавсум олдидан Туркиядаги йиғинда кучли спарринг рақиблар билан баҳслардан кейин «Нефтчи»га катта ёрдами тегадиган учта легионер таклиф этилганлигини айтганди. Булар Дмитрий Комаровский, Сергей Концевой ва Терентий Луцевичлардир. Афсуски, чемпионатнинг дастлабки қисми ушбу трансферлар муваффақиятли бўлаётганлигини кўрсатмаяпти. Ҳар ҳолда жамоанинг натижаси шундан дарак бермоқда.

Шу ўринда савол туғилади: Юрий Саркисян даврида Фарғона футболи вакилларига ишонч билдирган ва совриндорлар сафида бўлган «Нефтчи» бугунга келиб нега маҳаллий футболчилар ўрнига «чет эл хўрозқандлари»ни маъқул кўрмоқда? Фарғона футболи юзи бўлмиш «Нефтчи»нинг муваффақиятсизликларига ўз тарбияланувчиларини саргардон қилаётганлиги сабаб бўлмаяптимикан?

 

Бахтиёр, «Эрудит Спорт» газетаси.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!