"Нефтчи" янги футболчиларни таништирди

28 февраль куни Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси янги мавсум олдидан ўз сафига қўшиб олган футболчиларни кенг жамоатчиликка расман таништирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таништирув маросими Қиргулидаги "Нефтчи" Маданият саройида ўтказилди. Унда "Нефтчи" ПФК раҳбарияти, вилоят футбол федерацияси вакиллари, мураббийлар, футболчилар, журналистлар ва клуб мухлислари иштирок этишди. Шу қатори тадбирга бир қатор мартабали меҳмонлар келганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Хусусан, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Илҳом Носиров, ФНҚИЗ Бош директори ўринбосарари Назиржон Тешабоев ва вилоят футбол федерацияси вице-президенти Тоҳир Кападзе тадбир давомида сўз олиб, жамоага янги мавсум олдидан омад тилашди.

Тадбир мобайнида клуб раиси Мўйсинжон Меҳмонов ҳам сўзга чиқди.

Мўйсинжон Меҳмонов ("Нефтчи" ПФК раиси): - Ҳар йили мухлислар билан мана шундай учрашувларда дийдор кўришамиз. Бу сафар ҳам сизлар билан кўришиб турганимиздан хурсандман. Умуман олганда "Нефтчи" ПФКни хар тарафлама қўллаб-қувватлаб келаётган ФНҚИЗ раҳбариларига раҳмат деб қоламан. Завод ходимларига ҳам янги 2018-йилги мавсум омадли келсин. Футбол - миллионлар ўйини ҳисобланади. Агар ҳозирги кунда раҳбарият, мураббийлар, футболчилар ва мухлислар бирлашсак "Нефтчи"нинг олдига қўйган мақсадларига бориш йўли анча қисқаради. Шу сабаб ҳамжиҳат бўлиш бизнинг асосий шиоримизга айланган. Жамоамизнинг устивор мақсади ўз мухлисларини ғалабалар билан хурсанд қилиш саналади. Дарҳақиқат, миллий футболимиз раҳбариятига ҳақиқий жонкуяр инсонлар тайинланди. Шу сабаб сўнгги вақтларда футболда катта ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Бу йил "Нефтчи" жамоаси маррани кенгроқ олмоқда. Буни албатта алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимдир. Мухлислардан эса жамоамизни мавсум давомида қизғин қўллаб-қувватлашларини сўраган бўлардим. Шундагина кўзлаган мақсадларга эришиш жараёни самарадор кечади. Мен бунга ишонаман.

Сергей Ковшов ("Нефтчи" бош мураббийи): - Ҳурматли ва азиз меҳмонлар хабарингиз бор, бу йил катта ишларни амалга оширмоқдамиз. Фарғона вилояти "Ҳоким Кубоги"да ғолиб бўлганимиздан сўнг Тошкент шаҳрида йиғин ўтказдик. Пойтахтда бир қатор назорат баҳсларини ўтказганимиздан сўнг жамоамиз асосий таркиби янада ўзгарди. "Нефтчи"нинг мақсадлари ҳар доим юқори бўлиб келган. Биз яна эски мавқеини тиклаш учун мана шундай тарзда маррани кенгроқ олмоқдамиз. Олтинчи ёки еттинчи ўринларни эгаллаш кўп ҳолларда учрайди. Лекин биринчи ўринни эгаллаш ҳар кимга ҳам насиб қилмайди. Биз ҳам биринчи ўринни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Шу сабаб раҳбарият ва мухлислар бизни қўллаб-қувватлаб турсангиз, кўзлаган мақсадга биргалашиб эришамиз. Футболчилар эса ўз ишлари ва вазифаларига матонат билан ёндошсалар яхши натижаларга эришамиз деб ўйлайман.

Анвар Бердиев ("Нефтчи" жамоаси ҳужумчиси): - Биринчи ўринда бизни ҳурмат қилиб ташриф буюрган барча мухлисларга раҳмат айтиб қоламан. Бу йил яхши мақсадлар билан мавсумни бошлаяпмиз. Насиб қилса, мухлисларни хурсанд қиладиган натижалар кўрсатамиз. Барчага соғлиқ-саломатлик, оилавий тинчлик-тотувлик ва хотиржамлик тилайман.

Шундан сўнг янги футболчилар расман таништирилди.

Виталий Мирный 77- рақам (Дарвозабон, “Горняк-спорт” Украина)

Фаррух Турдалиев  21-рақам (Дарвозабон, “Цементчи” Қувасой)

Даврон Маматов 27-рақам (Ҳимоячи, “Цементчи” Қувасой)

Шукурали Пўлатов 3-рақам (Ҳимоячи, “Қизилқум” Навоий)

Аваз Агалиев 55-рақам (Ҳимоячи, “Машъал” Муборак)

Жалил Кимсанов 5-рақам (Ҳимоячи, “Қўқон-1912” Қўқон)

Искандар Шайкулов 2-рақам (Ҳимоячи, “Машъал” Муборак)

Элёр Мамасолиев 11-рақам  (Ярим ҳимоячи, “Цементчи” Қувасой)

Аббосбек Махсталиев 8-рақам (Ярим ҳимоячи, “Навбахор” Наманган)

Суннатилло Эрматов 4-рақам (Ярим ҳимоячи, “Цементчи” Қувасой)

Отабек Ахмаджонов 6-рақам (Ярим ҳимоячи, “Цементчи” Қувасой)

Абдул Азиз Юсупов 9-рақам (Ҳужумчи, “Цементчи” Қувасой)

Муродбек Бобожонов 7-рақам (Ҳужумчи, “Локомотив” Тошкент)

Анвар Бердиев 10-рақам (Ҳужумчи “Андижон” Андижон)

Вячеслав Сушкин 29-рақам (Ҳужумчи, “Спарта” Греция)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!