“Нефтчи” – “Насаф”: Ўзаро курашларда кучлар деярли тенг

 

“Насаф” жамоаси Олий Лига 24-тур учрашувини сафарда Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасига қарши ўтказади. Жамоалар олий лигадаги  ўзаро 42-учрашувда майдонга тушишади.

Учрашув 13 октябрь жума куни “Истиқлол” стадионида соат 16:30 да бошланади. Қаршиликлар матбуот хизмати ўйин олдидан превью тақдим қилди. 

ЎзПФЛ  24-тур

“Нефтчи” (Фарғона)  - “Насаф” (Қарши)

13.10.2017. “Истиқлол” стадиони. 16:30да 

Бош ҳакам: Азиз Асимов (Тошкент)

Қанот ҳакамлари: Ришат Нуъмонов (Тошкент), Сервер Еремеев (Тошкент)

Захира ҳаками: Анотолий Рубаков (Тошкент)

Назоратчи: Андрей Клепиков (Тошкент)

ЎзПФЛ вакили: Алексей Фролов.

Жамоаларнинг ўзаро учрашувлари тарихидан

Мазкур жамоалар ҳозиргача миллий чемпионатда 41 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Бўлиб ўтган учрашувларда "аждарлар" 17 марта ғалаба қозонган. 15 учрашувда “Нефтчи” жамоасининг қўли баланд келган. Қолган 9 учрашувда муроса кўчаси танланган. Тўплар нисбати бўйича ҳам устунлик жамоамиз томонида - 55:49.

Эсингизда бўлса, “Насаф” жамоаси ўз тарихидаги илк олий лига учрашувини ўз майдонида айнан “Нефтчи” жамоасига қарши учрашув билан бошлаган. Ушбу учрашув 1997 йилнинг март ойида Қаршида бўлган.

Рўзиқул Бердиев қўл остидаги “аждарлар” фарғоналиклар билан бўлган учрашувларда мағлубиятсиз серияларини давом эттириб келишмоқда. Жамоамиз устози шу пайтгача шогирдларини миллий чемпионат учрашувларида  “Нефтчи”га қарши тўққиз марта майдонга олиб тушган. Шу учрашувларнинг еттитасида жамоамизнинг қўли баланд келган ва икки учрашув дуранг натижа билан якунланган.

Фарғонадаги ўзаро учрашувлар тарихидан

Мазкур жамоаларнинг Фарғонадаги илк учрашуви 1997 йил 13 ноябрь куни бўлиб ўтган. Шу пайтгача жамоалар 20 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Уларнинг 9 тасида “Нефтчи” жамоаси ғалабага эришган. 3 учрашувда “Насаф” зафар қучган. Қолган 8 учрашувда дуранг натижалар қайд этилган. Фарғонадаги 20 учрашувда дарвозаларга жами 46 та тўп киритилган. Тўплар нисбати бўйича устунлик 29-17 “Нефтчи” томонида.

“Насаф” Фарғонадаги илк ғалабасини 2010 йили нишонлаган. Фарғонадаги сўнгги ғалабасини эса, 2015 йили қўлга киритган.

Жамоаларнинг биринчи даврадаги Ғузорда бўлган учрашувида “Насаф” 2:0 ҳисобида ғалабага эришган. Учрашувдаги иккала голни ҳам Баҳром Абдураҳимов ўз ҳисобига ёздириб қўйган эди.

“Нефтчи” сўнгги марта 2009 йили ўз майдонида “Насаф”ни мағлубиятга учратган. Фарғонадаги ўзаро учрашувларда қайд этилган энг йирик ҳисоблар 4:0, 4:1 кўринишда. 1997 йилги Фарғонадаги ўзаро илк учрашувда йирик 3:3 ҳисобидаги дуранг ҳам қайд этилган.

Жамоаларнинг турнир жадвалидаги ҳолати

Мазкур жамоаларнинг турнир жадвалидаги ҳолатига эътибор қаратсак, “Нефтчи” жамоаси 23 учрашувдан сўнг 17 очко билан 15-поғонада бормоқда.

“Насаф” ўтган 23 учрашувда 44 очко жамғариб, 2-поғонани банд этиб турибди. “Нефтчи” ўтган тур учрашувида “Олмалиқ”ни  мағлуб этди. “Насаф” эса ўз майдонида “Қизилқум” жамоасини таслим этган.

“Нефтчи” - “Насаф” жамоалари ўртасидаги учрашув 13 октябр жума куни Фарғона шаҳридаги муҳташам “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. Учрашв соат 16:30да бошланади.

Мазкур жамоаларнинг ўринбосарлари ўртасидаги учрашув эса 12 октябр пайшанба куни Қиргулидаги “Нефтчи” СК стадонида соат 15:30да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!