Неймарнинг Парижга кетгани яхши бўлди(ми?)

5 август, 00:22 714

Неймарнинг Парижга кетгани яхши бўлди(ми?)

Юқоридаги сарлавҳа “Барселона” мухлисларига ёқмаслиги мумкин. Бироқ бу ҳақиқат. Яхши бўлди.

Бу йилги трансферлар бозорининг бош “юлдузи” бўлган Неймар ниҳоят ПСЖга ўтди. Рости, у ҳақидаги хабарлар кўпчилик қатори менинг ҳам жонимга тегиб кетган эди.

Куни кеча шундай хабар пайдо бўлди. “Каталон клуби раҳбари Бартомеу Европанинг гранд клубларини ПСЖга қарши курашишга чорлайди”.

“Барселона” Европа клублари орасида низо келтириб чиқармоқчи 

ПСЖ нима қилди? Молиявий фэйр-плейни  шундай четлаб ўтди-ки, ҳеч ким лом-мим демай қолди. Неймар учун керакли миқдордаги товон пулини тўлаб берди. ПСЖда нима айб?

Келинг, бундан 6 йил аввалги ҳолатни эслатиб ўтай. “Барселона”нинг футболчилар-у, раҳбарларигача “Арсенал” футболчиси Сеск Фабрегасни шу қадар “бошини айлантирди”ки асти қўяверасиз.

Каталонияликлар Сескни қўлга киритиш учун ҳар қандай йўлдан фойдаланишган эди.

Шунчаки, бугун ўша тарих такрорланди. Ахир айтишадилар-ку, “емоқни – қусмоғи бор” деб. Яхши бўлди. Қайсидир жиҳатдан адолат “қарор топди”.

Неймарнинг “Барселона”даги ўрнини Дембеле ҳам, Коутиньо, Мбаппе ёки Дибала ҳам боса олмайди.

Бу нарса майдонда билинмаслиги мумкин. Бироқ маркетинг соҳасида Неймарнинг машҳурлик даражаси юқорида номи тилга олинган футболчиларникидан бир неча баробар устундир.

Энди унинг кетиш сабабларини ўрганиб чиқсак, Париж лойихаси келажаги бор лойиха. Неймар билан ПСЖ ЕЧЛда ғолиб чиқиши реал воқеликка айланиш эҳтимоли юқори.

Иккинчидан, Неймар ПСЖ билан ЕЧЛда ғолиб чиқиш орқали “Олтин тўп”га тўғридан-тўғри даъвогарлик қила олади. Тан олиш керак бразилиялик футболчи “Барселона”да барибир Мессининг соясида қолиб кетар эди. Ўша 6:1 бўлган ўйинда ҳам газеталар муқоваси ва ижтимоий тармоқларда Мессининг сурати “айланди”. Ваҳоланки, аргентиналик ўша ўйинда пенальтидан гол урган эди холос. У ҳам Неймар “ишлаган” пенальтидан. 25 ёшли футболчи жамоасининг тўртинчи голини киритди ва сўнгги голда катта ҳажмдаги ишни бажариб берди. Асосий қаҳрамон эса – Месси.

Агарда, Неймар ПСЖ билан ЕЧЛда ғолиб  чиқмаса, унинг буюклиги фақат қимматбаҳо трансферлар рейтингида қолади.

Учинчи сабаб – ПУЛ. Неймарнинг ўзи матбуот анжуманида буни рад этган бўлсада, барибир ҳамма нарса молиявий жиҳатга бориб тақалади. Буни рад этиб бўлмас ҳақиқат деса ҳам бўлади. Йилига 30 млн ва 40 млн евро кўтарма пули. Булар ҳар қандай футболчини “йўлдан уради”.

Энди масаланинг бошқа тарафи, ушбу трансфер дунё футболини буткул ўзгартиради. Сўнгги йилларда клублар трансферлар учун ақл бовар қилмайдиган даражада кўп пул сарф этишди. Ҳозирда истаган яхшироқ бўлган футболчи 50 млн евродан кам турмайди. Имконияти юқори баҳоланга ёшлар эса камида 100 млн еврога баҳоланмоқда. Энди УEФА молиявий фэйр-плей тизимини такомиллаштирмаса, ПСЖ сингари “ақлли” жамоалар уни бемалол четлаб ўтишга қодир экан. Қойил!

Шаҳзод Холбоев