Нокаутчи Шоҳжаҳон эртага Москвада рингга чиқади

  • 14 февраль, 2017, 19:05
  • 1
  • Бокс
 

Профессионал бокс мухлису мутахассислари эътиборига тушган ўзбекистонлик нокаутчи Шоҳжаҳон Эргашев (7-0-0, 7 КО) фаолиятидаги саккизинчи жангини 15 февраль куни Россия пойтахти Москва шаҳрида ўтказади.

Шоҳжаҳон профессионал боксда ўзининг мукаммал техникаси ва ўта кучли зарбаси билан танилган. Ҳамюртимиз катта рингдаги дебютини 2015 йил охирида нишонлаган ва бугунги кунга қадар еттита жангнинг барчасида рақибиларини муддатидан олдин енгди.

Ўзбекистонлик боксчи 2017 йилдаги биринчи жангини грузиялик Рубен Мовсесянга (13-16-1, 18 КО) қарши ўтказадиган бўлди.

- Бу жангга пухта тайёрландим, - деди Шоҳжаҳон Эргашев SPORTS.uz ахборот порталига. - Тошкентда бошланган машғулотлар Москвада давом эттирилди. Айниқса, Ўзбекистон олимпиячилари билан бирга ўтказган машғулотларим мен учун жуда фойдали бўлди. Жанг олдидан бир ҳафта Санкт - Петербург шаҳрида ўқув-машғулот йиғинида қатнашдим. Асосий эътиборни жисмоний тайёргарлик машқлари ва спарринг жангларга қаратдим.

 

Шоҳжаҳоннинг бу галги рақиби Рубен Мовсесян 2009  йилдан буён профессионал рингдаги жангларда қатнашмоқда. Бу боксчи  ўта кучли зарбага эга ва фаолиятидаги ғалаба қозонган аксарият жангларини муддатидан олдин якунлаган.

Шоҳжаҳон Эргашев ва Рубен Мовсесян бугун вазн ўлчаш маросимида қатнашди. Унда Шоҳжаҳон 64 килограмм тош босди. Рубеннинг  вазни эса ҳамюртимизникидан 300 граммга ошиқ чиқди.

 

Москвадаги жангни профессионал бокс оламида ўзига яраша ном қозонган кўплаб мутахассислар кузатиб бориши айтилмоқда. Шоҳжаҳон Эргашев учун ҳам эртанги жанг кўп жиҳатдан аҳамиятли ҳисобланади. Чунки истеъдодли боксчимиз бу йил қитъавий чемпионлик камари учун жанг қилишни истамоқда. Шундай кейин Шоҳжаҳон АҚШдаги профессионал бокс беллашувларида қатнашишни ҳам режалаштирган.

Шоҳжаҳон Эргашев - Рубен Мовсесян жанги тафсилотлари ва ўзбек боксчисининг жангга оид фикрларини SPORTS.uz ахборот порталида кузатиб боринг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!