Нокаутчи Шоҳжаҳон қачон рингга чиқади?

10 май,2017, 00:02 2880

Нокаутчи Шоҳжаҳон қачон рингга чиқади?

 

Профессионал боксда кетма-кет нокаутлари билан мухлисларини хушнуд этиб келаётган истеъдодли боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашевнинг жанглари доимо катта қизиқиш билан кутилмоқда.

Кўпинча, бу боксчимизнинг қачон ва кимга қарши жанг ўтказиши ҳақида аниқ маълумот олиш мураккаб масала бўлиб қолаётир. Айрим интернет сайтларида Шоҳжаҳон Эргашев қачон жанг ўтказиши ҳақида хабарлар эълон қилинмоқда, лекин амалда бу ўз тасдиғини топмаяпти.

SPORTS.uz ахборот портали вазиятга ойдинлик киритиш учун Шоҳжаҳон Эргашев билан боғланди.

- Шоҳжаҳон саломатликлар яхшими ва айни пайтда нима билан бандсиз?

- Ассалому алайкум. Саломатлигим жойида. Айни пайтда Тошкентда устозим Хурсанали Мажидов бошчилигида машғулот ўтказяпман. Асосан узоқ масофага югуриш, жисмоний тайёргарлик машғулотлари ва спарринг жанглари ўтказиляпти. Сўнгги жангларга мени айнан Хурсанали акам тайёрламоқда.

- Кейинги пайтда қачон ва ким билан жанг ўтказишингиз борасида турли хабарлар тарқалмоқда, лекин амалда бундай бўлмаяпти. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Тўғриси менинг фаолиятимда бунақаси тез-тез учраётганидан ўзим ҳам хижолатман. Профессионал боксда жанг ташкил қилиш ҳамиша ҳам кўнгилдагидек бўлавермайди. Мен-ку майли, ҳатто Мэнни Пакьяодек профессионал бокс юлдузи ҳам ўзишга муносиб рақиб топиш учун анча кутишига тўғри келди. Унинг бўлажак рақиби ҳам, жанг вақти ҳам бир неча маротаба ўзгарди. Профессионал боксда бу одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Ўзим бир неча кучли боксчини жангга таклиф қилдим. Бироқ улар ҳали розилигини билдиргани йўқ. Ўз навбатида мени ҳам жангга чақиришади. Хусусан, охирги рақибим Ҳамза Семпево ҳам мени рингга чақирган эди.

Одатда, менинг жангларимни ташкил қилиш менежерим Олег Богданов зиммасига юклатилган. Қаерда бўлишимдан қатъий назар менежерим мен билан боғланади ва қачон, кимга қарши ҳамда қаерда жанг қилишимни олдиндан айтади. Афсуски, баъзи рақибларим аввалига жангга розилик беради, кейин эса менга қарши рингга чиқишдан бош тортади. Айтганимдек, профессионал боксда бу оддий ҳолат. Чунки биргина мағлубият туфайли боксчининг режалари ўзгариши, машаққатли тайёргарлиги бесамар кетиши, мақсад қилган совринларидан узоқлашиши мумкин.

- Шоҳжаҳон мухлислар учун навбатдаги жанг қачонлиги ва рақиб кимлиги барибир қизиқ. Бу бора аниқ маълумот борми?

- Бугун менежерим Олег Богданов қўнғироқ қилди. 3 июнь куни Россиянинг Ростов шаҳрида ташкил этиладиган профессионал бокс кечаси дастурига менинг иштирокимдаги жанг киритилганини айтди. Бу титул жанги бўлади. Рақиб америкалик боксчи. Гарчи мен унинг исмини билсам-да, ҳозирча буни ошкор қилмайман.

- Шоҳжаҳон бўлажак жангда омад ва ғалаба тилаймиз.

PS. SPORTS.uz ахборот портали Шоҳжаҳон Эргашев билан махсус интервью уюштирди. Суҳбатни тез кунларда сайтимиз орқали ўқиш имконига эга бўласиз.

SPORTS.uz