ЎФАда футбол мактаб-интернатлари директорлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида юртимиздаги футбол мактаб-интернатлари директорлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад, шу йилнинг 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашдан иборат бўлди. Бу ҳақда УФА хабар бермоқда. 

Қарорда белгиланган вазифалардан бири жойларда ёш иқтидорли ва салоҳиятли футболчиларни танлаб олиш (селекция) ва уларни профессионал тарзда тайёрлаш ҳамда миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошида Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясини ташкил этишдан иборат.

Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги йиғилиш давомида замонавий талабларга жавоб берадиган футбол академиялари инфратузилмаси ва таркибий тузилиши қай кўринишда бўлиши кераклиги ҳақида йиғилганларга тақдимот ўтказилди.

Шунингдек, академияда ўқитиш тизими, машғулотлар ўтказиш тартиби, ҳар бир футболчи билан индивидуал ишлаш жараёнида инновацион технологиялардан фойдаланиш масалалари хусусида батафсил тушунтириш бериб ўтилди.

Ўз ўрнида юртимиздаги футбол мактаб-интернатлари директорлари академияларни ташкил этишда аҳамият қаратиш керак бўлган жиҳатлар борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!