ЎФФ Президенти расмий ташриф билан Қатарга келди

Доҳа: Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов Қатар Футбол Уюшмасининг Президенти Шайх Ҳамад бин Халифа бин Аҳмад ол Танийнинг таклифига кўра Доҳага хизмат сафари уюштириб, дунёдаги энг яхши футбол академияларидан бири саналган “Aspire”га ташриф буюрди.

“Aspire” бизда жуда катта таассурот қолдирди”, - дейди Умид Аҳмаджонов ЎФФ матбуот хизматига. “Эртага Қатар Футбол Уюшмаси билан меморандум имзоланиши олдидан, ўйлайманки, бугунги сафар жуда самарали бўлди. Биз икки мамлакатда болалар-ўсмирлар футболини ривожлантириш мақсадида ушбу академия билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз”.

Умид Аҳмаджонов бугун, шунингдек, “Aspetar” спортга ихтисослашган тиббиёт марказида бўлди. ЎФФ делегацияси марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, “Aspetar”нинг Ўзбекистон футболи учун фойдали жиҳатларини яқиндан ўрганишга муваффақ бўлдилар.

Умид Аҳмаджонов 17 октябрь куни Доҳада Қатар Футбол Уюшмаси президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ол Таний билан учрашади. Учрашув якунларига кўра Ўзбекистон ва Қатар футболи раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Қатар сафари Умид Аҳмаджоновнинг ЎФФ президенти этиб сайланганидан бери амалга оширган учинчи хорижий сафаридир. Бунга қадар Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино ва БАА футбол уюшмаси вице-президенти Абдулла Носир ал-Жунайбий билан учрашган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!