ЎФФ президенти Сирдарё вилоятидаги икки масъул шахсни бутун умрга футболдан четлатди

Ўзбекистон Футбол федерацияси болалар футболида нохолисликка йўл қўйилишига қарши кескин чоралар кўришни бошлади. 

Федерация матбуот хизматининг хабар тарқатишича, шу йилнинг 23-29 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар терма  жамоаларининг  2000-йилда туғилган ўсмирлар гуруҳлари ўртасида Республика чемпионати бўлиб ўтган. Ушбу  мусобақада 12та жамоа 4та гуруҳга бўлинган ҳолда қатнашган.

Турнирда Сирдарё вилояти терма жамоаси таркибида ёши кичрайтирилган ва қайдномадан ўтмаган футболчи иштирок этаётгани ЎФФ вакили томонидан аниқлангани сабабли, Сирдарё вилояти терма жамоасининг барча натижалари бекор қилиниб, мусобақадан четлаштирилган.

Чемпионатда аниқланган камчиликлар, нохолислик, кўзбўямачилик ва мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар футболини ривожига тўғаноқ бўлаётган иллатларни келгусида бартараф этиш ҳамда мусобақада иштирок этувчи жамоа раҳбарлари ва мураббийларининг масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджоновнинг буйруғи чиқарилган.

Буйруқда Сирдарё вилояти жамоаси мусобақада ёши кичрайтирилган ҳамда мусобақада иштирок этиш баённомасига киритилмаган футболчилар билан иштирок этган ҳолда, нохолисликка йўл қўйгани, маълумотларни қалбакилаштиргани сабабли вилоят жамоасига масъул бўлган шахслар Жаҳонгир Муродқосимов ва Аҳрор Миразимовларни футболдан бутунлай четлаштириш ва уларга футбол фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензия, сертификатларни бир умрга бекор қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига тақдимнома киритилиши айтиб ўтилган.

Шунингдек, Сирдарё вилояти футбол федерацияси аниқланган фактлар юзасидан тегишли масъулларга кескин чоралар кўриши ва кўрилган чоралар тўғрисида 3 кун муддатда  Ўзбекистон футбол федерациясига маълумот тақдим этиши белгилаб қўйилган.

Мазкур буйруқ барча ҳудудий федерациялар эътиборига етказилиб, юқоридаги ҳолатлар такрорланса, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан кескин чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!