ЎФФ сербиялик бир қатор мутахассислар билан музокаралар олиб боряпти

29 ноябрь,2017, 16:24 1657

ЎФФ сербиялик бир қатор мутахассислар билан музокаралар олиб боряпти

Мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш, ҳудудларда болалар ва ўсмирлар орасида футболни янада оммалаштириш борасида Ўзбекистон Футбол Федерацияси бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. 

Бу борада биринчи галда болалар мураббийларининг малакасини, билим савиясини ошириш масаласига алоҳида аҳамият қаратиляпти. Футбол мактабларида Европанинг футболи ривожланган мамлакатлари ўқув-методикаси асосида иш олиб бориш, болалар билан машғулотларни янги услубда, Европа андозаларига мос равишда ўтказиш ва шу йўл орқали юқори савияли футболчиларни тайёрлашга катта аҳамият қаратилмоқда. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Мана шу мақсадда, вилоятлар тўртта ҳудудга бўлинган ҳолда, ҳар бир ҳудуд учун бир нафардан хорижлик мутахассис жалб қилинади. 

1-ҳудуд: Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро. Марказ – Нукус шаҳри.

2-ҳудуд: Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё. Марказ – Қарши шаҳри.

3-ҳудуд: Андижон, Фарғона, Наманган. Марказ – Фарғона шаҳри.

4-ҳудуд: Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри. Марказ – Тошкент шаҳри. 

Ўзбекистон Футбол Федерацияси айни пайтда сербиялик бир қатор мутахассислар билан музокаралар олиб боряпти. Тез орада музокаралар якунига етиб, тегишли шартномалар имзоланади. 

Хориждан ташриф буюрадиган мутахассис, дастлаб, 3-ҳудуд ҳисобланган водийда иш бошлайди. Бошқа ҳудудлар учун Европанинг бошқа давлатларидан ҳам мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилган.   

Юртимизга ташриф буюрадиган мутахассислар ҳудудларда болалар футболи мураббийлари ва селекционерлар билан иш олиб боришади. Уларга ёш футболчиларни футбол мактабларига саралаб олиш, ўқув-машғулотларини ўтказиш, истеъдодли футболчиларнинг маҳоратини сайқаллаб бориш бўйича керакли маслаҳалар бериб боришади.