ЎФФда фан-клублар аъзолари ўртасида йиғилиш бўлиб ўтди

Ўзбекистон Футбол Федерациясида Тошкент шаҳри жамоалари – “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Локомотив” фан-клублари фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда футбол учрашувлари давомида мухлисларнинг ўзини тутиш маданияти, рақиб жамоа футболчилари ва мухлисларига ўзаро ҳурматда бўлиш, учрашув давомида қайд этилаётган натижадан қатъий назар, футболчиларни ўйин охирига қадар қўллаб-қувватлаш, учрашувни бошқариб бораётган ҳакамлар шаънига нолойиқ гап-сўзларни йўллмаслик, стадионга кириш ва чиқиш давомида, учрашув пайтида тартибни сақлаш, тозалик ва озодаликка риоя қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, 4 декабрь куни “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Кубоги финалидан ўрин олган “Бунёдкор” ва “Локомотив” жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳақиқий ўзбек футболи мухлисларининг маданиятини кўрсатиш кераклиги, стадионда ажойиб муҳит яратган ҳолда, ўз севимли жамоаси аъзоларини учрашув охирига қадар фаол равишда қўллаб-қувватлаш зарурлиги тилга олиб ўтилди.

Бундан ташқари, миллий чемпионат баҳслари давомида қайси жамоа мухлислари тартибсизликка йўл қўйиб, стадионда ўзларини нолойиқ тарзда тутадиган бўлишса, ўша жамоа Ўзбекистон Профессионал Футбол лигаси томонидан қатъий тарзда жазоланиши, кейинги учрашувларни мухлисларсиз ўтказиши, бу борада клубларга қўйиладиган жарималар миқдори оширилгани фан-клуб аъзоларига етказилди.

Қайд этиш керакки, бу каби фан-клуб аъзолари ўртасидаги йиғилишлар вилоятларда ҳам ўтказилиб, жойларда мухлислар билан  ҳам фаол тарзда иш олиб борилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!