Одил Аҳмедовдан наманганлик ёш футболчиларга беғараз совға (Фото)

1298

Одил Аҳмедовдан наманганлик ёш футболчиларга беғараз совға (Фото)

Наманган шаҳридаги футболга ихтисослаштирилган 15-давлат мактаб-интернатида янги барпо этилган мини-футбол стадиони фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда uza.uz хабар бермоқда.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва Наманган шаҳар ҳокимлиги масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, спортчилар иштирок этди.  

Мамлакатимизда спорт, хусусан, футбол, айниқса, болалар футболини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий стадионлар барпо этиш, халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан болалар спортини ривожлантириш давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келаётгани ютуқларимиз асосидир, – дейди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Наманган вилоятидаги вакили Ш.Қорабоев. – Ўтган йилларда вилоятимизда ҳам ўнлаб замонавий спорт иншоотлари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари барпо этилди. Уларда тобланаётган ёшлар орасидан қитъа ва жаҳон чемпионлари, Олимпиада совриндорлари етишиб чиқмоқда. Мазкур стадион ҳам ёшлар учун мана шундай босқич вазифасини ўтайди.

“Стадион строй” хусусий корхонаси томонидан қурилган мини- стадион таниқли футболчи, Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиси Одил Аҳмедовнинг беғараз ҳомийлигида барпо этилди.

Мен ҳам футбол бўйича илк сабоқни шу мактаб-интернатда олганман. Спортда эришган ютуқларимда бу ердаги устоз-мураббийларнинг хизматлари катта, – дейди О.Аҳмедов. – Футболимизнинг келажаги шу каби бошланғич спорт мактабларида ўқиётган укаларимизга боғлиқ. Ишонаман, бундай мактаблардан келгусида миллий футболимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтирадиган ёшлар етишиб чиқади.

Тадбирда мактаб-интернат тарбияланувчилари учун машҳур футболчининг тўп ва спорт кийимларидан иборат совғалари топширилди.