Одил Ҳамробеков шифокорлар тавсиясига кўра клуб ихтиёрига юборилди

 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда Таиландга қарши ўртоқлик ўйини ҳамда Эронга қарши ЖЧ–2018 саралаш учрашувига тайёргарликни давом эттирмоқда.

Тайёргарлик жараёни доирасида “Насаф” жамоасидан термага чақирилган Одил Ҳамробековга дам беришга қарор қилинди, деб ёзади ЎФФ матбуот хизмати. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қошидаги тиббиёт марказида текширувдан ўтган футболчига шифокорлар дам олишни тавсия қилди. Шу муносабат билан ярим ҳимоячи клуб ихтиёрига юборилди. 

Японияда тўп сураётган Фозил Мусаев ва Қозоғистонда ўйнаётган Александр Гейнрих бугун, 3 июнь куни Тошкентга етиб келади. Хитой чемпионатида ҳаракат қилаётган Одил Аҳмедов эртага, 4 июнь куни терма жамоа ихтиёрига келиб қўшилади. Шу билан терма жамоага чақирилган барча футболчилар жам бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 6 июнь куни Тошкентда Таиландга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Беллашув “Бунёдкор” стадионида соат 20:00 да бошланиши режалаштирилган. Эронга қарши учрашув эса 12 июнь куни Теҳрондаги “Озоди” стадионида Тошкент вақти билан соат 21:45 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!