Оламшумуш воқеаларга бой бўлган март ойи

 

2017 йил Қўқон футболида унутилмас онларга бой бўлмоқда. Аниқроғи, ўзбек футболи ватани тарихий воқеалар гувоҳ бўлмоқда. Февраль ойида “Қўқон-1912” жамоаси Фарғона шаҳрида ўтказилган “Ҳоким Кубоги” баҳсларида бош совринни қўлга киритиб, тарихий натижани қайд этганди. “Қўқон-1912” матбуот хизмати баҳорнинг биринчи ойи қўқонлик футбол ихлосмандларига қандай оламшумул ҳодисалар олиб келгани ҳақида маълумот берди.

Бу йил таркиби тажрибали футболчилар билан тўлдирган жамоамиз 10 март куни Олий лига-2017даги биринчи очкосини қўлга киритди. Вакилларимизга илк очкони тақдим этган голга жамоамизнинг легионер футболчиси Филип Райевац муаллифлик қилди. 18 март куни Қўқонда “Қизилқум”ни мағлуб этган Нўъмон ҳасанов шогирдлари чемпионатдаги биринчи ғалабани тантана қилишди.

Шундан кейин ФИФА кунлари муносабати билан кичик танаффус юзага келди. Айнан шу танаффус давомида бир қатор оламшумул ҳодисалар содир бўлди. Аввалига “Қўқон-1912” футболчиси Баҳодир Пардаев Жанубий Кореянинг “Бучеон 1995” жамоаси аъзосига айланди.

Мавсум бошида ҳужумчи билан тузилган шартномада агар унга хориж клублардан таклиф тушса, уни қўйиб юбориш мумкин, деган банд бор эди.  Қолаверса, Пардаевнинг келажагини уйлаб ҳам шундай қарорга келинди. Ахир ўйинчиларимизга ҳар доим ҳам бундай имконият бўлмаслиги мумкин. Шу тариқа, ўзбекистонлик легионер футболчилар сони яна биттага кўпайди.

Шундан кейин Жасур Абдураимов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-22 ёшлар терма жамоаси 21–27 март кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўқув-машғулотлар йиғинини ўтказди.

Йиғин доирасида Жасур Абдураимов шогирдлари 23 март куни Қатар U-22 термасига қарши, 25 март куни эса Канада U-22 термасига қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушди.

Ушбу йиғинга “Қўқон-1912” асосий таркибининг икки вакили – Жавоҳир Сидиқов ва Андрей Сидоровлар таклиф этилди. Ҳар икки футболчимиз ҳам ёшлар терма жамоаси сафида ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди.

Қўқонлик футбол ишқибозларини хурсанд этган яна бир хабар эса – Александр Мерзляковнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасига таклиф этилгани бўлди, десак муболаға бўлмайди. Қатар терма жамосига қарши кечган ўйин олдидан бош жамоамиз мураббийлари “Қўқон-1912″ ҳимоячиси Александр Мерзляков Ўзбекистон терма жамоасига чақиришди. Александр эса терма жамоамизнинг ғалабасида ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олди.

31 март санаси ҳам Қўқон футболида зарҳал ҳарфлар билан ёзилса ажаб эмас. Футболчиларимиз март ойининг сўнгги кунида Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Нефтчи”га қарши майдонга тушишди. Шиддатли ва кескин курашлар остида ўтган учрашувда жамоамиз аъзолари рақибни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди ва навбатдаги тарихий натижани қайд этишди.

Жамоамизнинг бундай муваффақиятли ўйинлари мухлисларимизнинг хурсанд этгани бор гап. Лекин бу ҳаммаси эмасди. Бу ҳақида апрель ойи якунларига бағишланган мақоламизда тўхталиб ўтамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!