Олег Тюлькин: Самарқанд аҳли Олий Лигани соғинган эди

 

Олий Лига 2-туридан ўрин олган “Динамо” – “Шўртан” (3:0) учрашувидан сўнг “Динамо” бош мураббийи Олег Тюлькин журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

“Самарқанддаги ажойиб футбол атмосферасида мухлисларга ажойиб байрамни тортиқ эта олганимиздан жуда хурсандман. Йигитларимизни Бекободдаги ўйинни унутиб, “Шўртан”га қарши пухта тайёргарлашга интилдик”, – дея фикр билдирди “Динамо” устози. “Жамоадаги ҳар бир футболчи бугун ўз ишини аъло даражада бажарди. Йигитлар жуда ҳамжиҳатлик билан тўп суриб, ғалабага эришишди. Мухлисларнинг тинмай қўллаб-қувватлашлари остида тўп суриб, йирик ҳисобда ғалабага эришиш жуда ёқимли. Футболчиларимиз минглаб ишқибозлар кўз олдида босимда тўп сурган бўлишсада, майдонда борларини кўрсатишди”.

– Дастлабки ўйиндан таассуротларингиз қандай?

“Биласизми, бугунги футбол байрамида мухлисларимиз кайфиятини кўтаришимиз шарт эди. Маъсулиятни тушунган ҳолда мақсадимизга эришдик деб ўйлайман”, – дейди Тюлькин.  “Самарқанд аҳли бир йил Биринчи Лигада тўп суриб, Олий Лигани соғиниб қолганлигини бугун кўрдик. Футбол мана шундай мухлислар билан гўзалдир. Ўйин адолатли натижа билан тугади”.

– Жамоанинг асосини 20-23 ёшли йигитлар ташкил этишмоқда. Уларни ўйинларга тайёрлаш қийин бўлса керак?

“Динамо” бу йил ёшларга ишонч билдирмоқда ва бу йўлда мураббийлар штаби футболчиларга имконият беришга интилмоқда”, – деди Олег Тюлькин. Бизда иқтидорли йигитлар жуда кўп. Уларга шу йўсинда имкон бериб, камол топиши учун қўллаб-қувватласак Самарқанд футболи янада янги марраларни эгаллаши мумкин бўлади.

– Кейинги ўйинда Тошкентда “Пахтакор”га қарши баҳс осон бўлмайди…

“Биз учун ҳар бир ўйин битта синов ва катта тажриба бўлади. Ҳозир пешқадам бўлсакда, жамоанинг ҳозирги таркиби тўлиқ йиғилганлигига ҳали бир ой бўлмади. Аммо таркибда танлаган ҳар бир футболчи биринчи навбатда ўзини кўрсатишни, меҳнат қилишни истайдиган йигитлардир. Ўйинга иштиёқ жуда кучли. “Пахтакор”га қарши баҳсда ҳам йигитлар мухлисларни қувонтириш учун майдонда борларини беришади, курашишади”, – дея фикрини якунлади Тюлькин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!