Олег Тюлькин 10 та ғалабасиз ўйиндан сўнг нималар деди?

“Динамо” – “Олмалиқ” (1:0) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббий Олег Тюлькин ўйин борасида тўхталди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

-Жуда ҳам қийин ва муҳим баҳсда анча тажрибали жамоани мағлуб эта олганимиздан жуда хурсандман. Ниҳоят, ғалаба қозона олдик. Мен аввало, самарқандлик мухлисларга раҳмат деган бўлардим, улар шунча муваффақиятсиз дамларга сабр қилиб, бугун ҳам қўллаб-қувватлашди ва ғалабага эришдик.

Олдинги баҳсларда стандарт вазиятларини бошқа футболчилар амалга оширарди. Бугун эса Искандар Холмирзаев тўпга яқинлашиб, ажойиб голи эвазига ғалаба келтирди. Бу мураббийлар штабининг қарорими ёки футболчиники?

- Бундай зарбаларни машғулотларда барча футболчиларимиз амалга ошириб, тайёргарлик кўришади. Искандар Холмирзаевнинг зарбаси ҳам машғулотларда ишланганди. Ўйиндан олдин жарима тўпларини у амалга оширишини айтгандик. Айнан Искандар кубок доирасида сафарда ҳам айнан “Олмалиқ” дарвозасига бугунгидек жаримадан гол урганди.

Бугунги ғалаба жамоа руҳий ҳолатига қай даража таъсир қилиши мумкин?

- Катта таъсир қилади. Ахир жамоа 10 ўйиндан буён ғалаба тугул, гол ҳам ура олмаётганди. Кучли клублар билан ҳам 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлсакда, ғалабанинг ўрни бошқа. Бу жамоа руҳиятига ижобий таъсир қилиб, машғулотлар ҳам кўтаринки руҳда ўтишини таъминлаб, футболчиларда босимни нисбатан камайтиради. Гол урилганмаган ўйинлар руҳий босимни вужудга келтирганди. Бугун яна гол уриш учун имкониятлар бўлганди, аммо тажриба етишмади. Энг асосийси, “Динамо”нинг қора кунлари ортда қолди деб ўйлайман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!