Олег Тюлькин: “Динамо” ҳақиқий “триллер”да ғолиб бўлди

1 июнь,2017, 11:11 202

Олег Тюлькин: “Динамо” ҳақиқий “триллер”да ғолиб бўлди

 

Ўзбекистон Кубоги нимчорак финал жавоб учрашуви доирасидаги «Олмалиқ» – «Динамо» (2:2) учрашувидан кейин самарқандликлар бош мураббийи Олег Тюлькин ўйин борасида тўхталиб ўтди.

– Олег Павлович, кейинги босқич йўлланмаси билан табриклаймиз. Ўйин ҳақида қандай фикрдасиз?

– Бугун «Динамо» ўйин эмас, «триллер»да ғолиб бўлди. Учрашув жуда шиддатли ва томошабоп ўтди. Айниқса, биринчи бўлиб ҳисобни жарима зарбасидан Искандар Холмирзаев киритгандан кейин, ўйин янада жонланди. Майдон эгалари мувозанатни тиклашгач, ҳар қандай ҳолатда ҳам яна битта гол уришимиз керак эди. Аммо кўп ўтмай, футболчилар майдондан четлатишди, пенальти қўйилди. 11 метрлик ҳолат бўйича вазиятни англай олмадим, очиғи. Рақиб пенальтидан гол уриб, ҳисобда олдинга чиққач, якунда биз яна гол уриб, чорак финалга йўл олганлигимиздан жуда хурсандмиз. Йигитлар иродаларини намойиш этишди.

– Жасур Қурбонов майдонга тушаётганда қандай кўрсатма берилганди?

– Ёш футболчимиз яримҳимоячи бўлсада, ҳужумкорликни ошириши керак эди. Ўйин якунида унинг майдонга туширилиши фойдали бўлди. Ўйинга қўшиб берилган 90+6-дақиқа якунига 15 сония қолганида Жасур икки футболчини алдаб, чамаси 30 метрлардан кучли зарбаси билан ажойиб гол муаллифига айланди. Бу гол бизни чорак финалга олиб чиқди. Ёшлар ишончимизни оқлаётган экан, уларга имкон беришда давом этамиз.

– Чорак финалда «Динамо»ни «Машъал»га қарши иккита учрашув кутиб турибди…

– «Олмалиқ» тўсиғидан ўтдик, энди «Машъал»дан ҳам ўтишга интиламиз. Муборак жамоаси ҳам ҳурматга сазовор рақиб. Имконқадар ғалабалар қозониб, финалга чиқишга ҳаракат қиламиз. Бу мухлисларимиз учун ажойиб совға бўларди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Динамо» ҳар ўйинда курашиб, бор куч ва ғайратини ишга солишига ваъда берамиз.