Олег Тюлькин: Ҳисоб ўйинга яраша бўлмади

 

Олий Лига 12-туридан ўрин олган «Динамо» – «Қизилқум» (0:1) учрашувидан кейин «Динамо» клуби бош мураббийи Олег Тюлкин ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Ўйиндан олдин фақат ғалабани кўзлагандик. Йигитларимиз охиригача курашишди, аммо тажриба бобида барибир «Қизилқум» устунлик қилди. Ўйинга яраша ҳисоб бўлди деб айтолмайман. «Қизилқум» ўйин борасида биздан кучли ўйнамаган бўлсада, ғалаба қозониб кетди”, – деди “Динамо” устози.

– Рақибнинг киритган тушунарсиз голи ҳақида нима дея оласиз?

– Аниқ нима бўлганлигини яхши тушунмадим. Қанот ҳаками «офсайд» дея байроғини кўтарди, бош ҳакам голни инобатга олмади, кейин эса гол ҳисобланди. Аниқ кўрмай, буни изоҳлай олмайман. Такрорий вазиятни яна кўриш керак. Назоратчи ҳакамлар кўриб чиқишади.

– Жавоҳир Қаҳрамонов ва Раду Рогаклар нега таркибда йўқ?

– Жавохир Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидан таклиф олган. Шу боис муҳим ўйинимизга қарамай, уни қўйиб юборишга мажбур бўлдик. Ҳимоячимиз Раду Рогак эса жароҳати жиддийроқ бўлиб чиқди. Даволаниш учун уни уйига, Молдовага қўйиб юбордик. Муолажалари якунлангач, яна сафимизга қайтади.

– Ўтган мавсум самарқандлик ёш яримҳимоячи Жонибек Кўчимов «Динамо»да яхши ўйин намойиш этганди, йил бошида эса «Сурхон»га ижарага берилди. Иккинчи даврада ушбу тезкор футболчини «Динамо»га қайтариб, таркиб кучайтирилса бўлмайдими?

– Бу кўпроқ футболчининг ўзига, хоҳишига боғлиқ. Тўғриси, унинг шартномаси билан таниш эмасман. Биринчи даврадан кейин бу ҳақда ўйлаб кўрамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!