296 0

Ҳар йили 23 июнь куни дунё бўйлаб Халқаро Олимпия куни (International Olympic Day) кенг нишонланади.

Таъкидлаб ўтамиз, Олимпия куни лойиҳаси илк бор 1947 йилда Стокгольмда Халқаро олимпия қўмитасининг 41-сессиясида тилга олинган, орадан бир йил ўтиб, Санкт-Морицда Халқаро олимпия қўмитасининг 42-сессиясида расман тасдиқланган.

1894 йил июнь ойида Парижда 12 мамлакат вакиллари иштирокида жисмоний тарбия муаммоларига бағишланган халқаро конгресс бўлиб ўтади. Айнан 23 июнь куни барон Пьер де Кубертен делегатларни Олимпия ўйинларини замонавий тарзда ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқилган режа билан таништиради. Шунингдек, Олимпия ўйинларини қайта тиклаб, ҳар тўрт йилда ўтказиш ва мусобақаларга барча халқларни таклиф қилиш ғоясини илгари суради. Конгресс унинг таклифини қабул қилади. Шу сабабли «Олимпия куни» 23 июнь санасида кенг нишонланади. Мақсад эса спортни бутун дунё бўйлаб тарғиб қилиш, спорт ҳаракатига ёши, жинси ва қизиқишларидан қатъи назар барча қизиқувчиларни жалб этишдир.
Замонавий кўринишида I Олимпиада ўйинлари 1896 йили Грецияда ташкил этилади. Мусобақаларда 14 мамлакатдан 241 атлет спортнинг 9 тури бўйича медаллар учун кураш олиб боради.
Барча машҳур спортчилар фаолиятлари давомида қатор мусобақаларда ғалаба қозонсалар ҳам, кўплаб медалларни ўз коллекцияларига қўшиб қўйган бўлсалар-да, Олимпия медалининг ўрни бўлакча. Шубҳасиз, олимпия ўйинлари чемпионлари – ҳар бир мамлакат ифтихори.
23 июнь куни Ўзбекистонда ҳам ушбу санани муносиб нишонлаш режалаштирилган ва бунинг учун айни пайтда катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Миллий олимпия қўмитаси ушбу тадбирни қай тарзда ташкил этмоқчи?
Шу ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Режага биноан, куннинг биринчи ярмида анъанавий марафон ва енгил атлетика бўйича мусобақа уюштирилади. Кечки пайт эса «Миллий стадион»да (собиқ «Бунёдкор») бўлиб ўтадиган байрамда спортчилар ва санъаткорлар иштирокида турли кўргазмали чиқишлар ташкил этилади.
Ўша куни Сизни кўплаб кутилмаган совғалар кутиб турибди. Мазкур спорт байрамига ўттиз мингдан ортиқ меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда. Стадионда гимнастика, теннис, велоспорт, бокс, қиличбозлик, яккакурашлар ҳамда енгил атлетика усталари ўз маҳоратларини йиғилганларга намойиш этадилар. Тадбирнинг асосий қисмида шоу-бизнес юлдузлари ва ZO‘R TV телеканали бошловчилари ўртасидаги футбол ўйини ташкил қилинади. Қисқаси, 23 июнь куни Сизни ажойиб спорт байрами кутиб турибди.
Шу куни мамлакатимизнинг энг кўркам ва муҳташам спорт аренасига энг кичик ёшдаги спорт ихлосмандларидан тортиб фахрийларимиз ҳам ташриф буюришлари мумкин. Тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад эса аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли авлод вакилларини жисмоний тарбия ва спортга қизиқтиришдир. Шундай экан, Сиз азизлар учун ташкил қилинадиган ушбу спорт байрамидан бебаҳра қолиб кетманг.
Эрталаб олимпия милясига югуриш мусобақаларида журналистлар ҳам совринлар учун алоҳида гуруҳда баҳс олиб бориши кўзда тутилган. Оммавий ахборот воситаларининг ўз омадини синаб кўриш истагида бўлган вакиллари “Спорт” газетаси таҳририятига 22 июнь соат 10:00га қадар мурожаат қилиб рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Барча спорт мухлисларини 23 июнь куни «Миллий стадион»га таклиф этамиз.
Мурожаат учун телефон: (+99871) 234-62-56
E-mail: sportpressa@umail.uz
sport.1932@mail.ru

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98