Олий лига. "Машъал" - "Насаф". Муборакдаги ўйинларда устунлик "Машъал" томонида

Воҳамиз футбол ишқибозлари XXVI Ўзбекистон чемпионатининг 26-турида вилоят дербисига гувоҳ бўлишади. Аслида бу тур дербиларга бой ҳисобланади.


Учрашув 26 октябр пайшанба куни Муборак шаҳридаги “Баҳром Вафоев” марказий стадионида бўлиб ўтади. Дерби мақомига эга учрашув, соат 16:00да старт олади.

ЎзПФЛ 26-тур


Машъал” (Муборак) - “Насаф” (Қарши)


26.10.2017. “Б.Вафоев” стадиони.16:00да


Бош ҳакам: Ильгиз Танташев (Бухоро)

Қанот ҳакамлари: Ҳусниддин Шодмонов (Бухоро), Абдураҳмон Қўлдошев (Бухоро),

Захира ҳаками: Фирдавс Норсафаров (Қарши)


Назоратчи: Сардор Нажафалиев (Тошкент)


ЎзПФЛ вакили: Бобур Хайдаров.

 Ўзаро учрашувлар тарихидан

Ушбу жамоалар ўртасидаги чемпионат баҳслари 2002 йилдан бошланган. Шу йили жамоамиз ҳар иккала учрашувда ҳам муборакликларни бир хил 2:0 ҳисобида мағлуб этган. Жамоамиз сафида “газчилар” дарвозасини биринчи ишғол этган футболчи Нуъмон Ҳасанов ҳисобланади.


“Машъал” ҳамда “Насаф” жамоаларининг ўзаро ўйинлари тарихига назар ташласак, ўтказилган 29та ўйиннинг 15 тасида "аждарлар" зафар қучганлигининг гувоҳига айланамиз. "Машъал" вакиллари эса 8 бор ғалаба қозонишган. Қолган олтита баҳсда томонлар муроса йўлини танлашган. Эътиборли жиҳати, барча дуранг натижалар Муборакда қайд этилган.


Тўплар нисбати бўйича ҳам мос равишда “Насаф” футболчилари устунлик қилишмоқда: 47-27.


Бу жамоаларнинг ўзаро ўйинларида энг кўп, беш маротаба қайд этилган ҳисоб - 2:0. Бу жамоалар ўзаро баҳслашганда икки бор нурсиз дуранг қайд этилган. Қолган барча учрашувларда мухлислар голларга гувоҳ бўлишган.

Биринчи даврадаги Ғузорда ўтказилган ўзаро учрашувда “Насаф” кичик 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Учрашувдаги ягона голни Ислом Рашидхонов киритган.

Муборакдаги учрашувларга оид фактлар


Мазкур жамоалар Муборакда шу пайтгача ўзаро 14 марта куч синашишган. Шуларнинг 2тасида “Насаф” ғалабага эришган, холос. 6 учрашувда дуранг ва яна 6 учрашувда муборакликлар ғалаба қозонган. Муборакдаги ўзаро учрашувларда дарвозаларга жами 30та гол киритилган. Тўплар нисбати бўйича ҳам устунлик “Машъал” томонида – 17:13.


“Аждарлар” охирги марта Муборакдан 2005 йили (мураббий Олег Морозов) ғалаба билан қайтишган (2:0). Ўшанда Зафар Холмуродовнинг “дубл”и “Насаф”га уч очко келтирган эди. Бу тарихий ғалабага ҳам 12 йил бўлди. Ушбу учрашувдан кейин футболчиларимиз Муборакда 1тадан кўп гол ҳам ура олишмаган.


“Насаф” - “Машъал” учрашувида энг йирик ҳисоб 2007 йилда қайд этилган. Ўшанда мубораклилар 4:1 ҳисобида ғолиб чиқишган. 2004 йилги айнан Муборакда ўтган ўйинда дарвозаларга 7 та гол киритилган (4:3).


Қани кўрамиз, бу сафар жамоамиз Муборакдаги 12 йиллик “қора анъана”га чек қўярмикан.

Иккала жамоада ҳам тўп сурган футболчилар ҳақида


Агар “Насаф” ва “Машъал” жамоалари таркибига эътибор қаратсак, қизиқ ҳолатга гувоҳ бўламиз. Айни пайтда бу жамоаларда тўп сураётган айрим футболчилар вақтида икки жамоада ҳам тўп тепишган.

Ҳозирги пайтда “Машъал” сафида ўйнаётган Ботир Қораев, Кенжа Тўраев, Мирзакамол Камоловлар вақтида “Насаф” таркибида тўп суришган. Зоҳир Қўзибоев эса “Насаф-2” таркибида ўйнаган.


“Насаф”нинг ҳозирги футболчиларидан Жасур Ҳасанов, Шахбоз Эркинов, Санжар Қувватовлар вақтида “Машъал” жамоаси шарафини ҳимоя қилишган.

Рақиблар ўтган турни қандай ўтказишди?


“Насаф” жорий чемпионатда мана етти учрашувки, ўз дарвозасидан гол ўтказмасдан ғалабага эришиб келмоқда. Жамоамиз ўтган 25-тур учрашувида “Динамо”ни йирик 3:0 ҳисобида доғда қолдирди. 25 учрашувдан сўнг, 50 очко билан 2-поғонада бормоқда.


“Машъал” ўтган турда Олмалиқнинг “Олмалиқ” жамоаси билан баҳс юритди. Унда 2:1 ҳисобида майдон эгалари ғалаба қозонишган. “Машъал” 25 учрашувдан сўнг 35 очко билан турнир жадвалининг 8-поғонасида бормоқда.

Машъал” жамоасининг тўпурарлари ҳақида


Муборакликлар ўтган 25 учрашувда рақиблари дарвозасига 30 марта тўп киритишди. Ўз дарвоазаларидан эса 27та тўп олиб чиқишган.


30та тўпни “Машъал”нинг 12та ўйинчиси ўз ҳисобига ёздириб қўйган.


Айни пайтда жамоанинг тўпурари Ҳумоюн Муртазоев бўлиб турибди. 

Унинг ҳисобида 7та гол бор.

Ёшлар баҳси ҳақида


Жамоаларнинг ўринбосарлари ўртасидаги учрашув 25 октябр чоршанба куни бўлади. Учрашув соат 15:30да “Б.Вафоев” кичик стадионида ўтказилади. 

Демак, бўлажак воҳа дербиси ҳар ҳар доимгидек муросасиз курашларга бой учрашув бўлади. Футбол ишқибозларига ана шундай муҳим ва қизиқарли баҳсни ўтказиб юборманг деб қоламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!