Олий лига: “Навбаҳор” бу гал ҳам ўз стадионидаги ўйинга энг кўп мухлисни жалб қила олди

8 апрель, 11:39 1275

Олий лига: “Навбаҳор” бу гал ҳам ўз стадионидаги ўйинга энг кўп мухлисни жалб қила олди

 

Хабарингиз бор, 6-7 апрель кунлари олий лига 5-тур ўйинлари ўтказилди.

2 кун бўлиб ўтган олий лига 5-тур учрашувлари бизга бир қанча кутилмаган натижаларни тақдим этди. Жумладан Ғузорда “Шўртан” “Локомотив”ни 2:0 ҳисобида таслим этган бўлса, “Қизилқум” Тошкентда биринчи марта “Бунёдкор”дан устун келди - 1:0. Тошкентнинг икки клуби мағлуб этганидан фойдалана олмаган “Насаф” ҳам Олмалиқда мезбонларга имкониятни бой бериб қўйди.

SPORTS.uz сайти ҳар доимгидек эътиборингизга ушбу тур баҳсларига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан ҳам таништириб ўтади.

Бешинчи турда стадионларимизга 47693 томошабин ташриф буюрди. Бу ўртача бир ўйинга 5961 мухлис келди дегани. Турнинг марказий ўйини ҳисобланган “Қўқон-1912” – “Динамо” баҳсини 8578 ишқибоз бевосита ўйингоҳдан кузатиб борди.

Энг кўп мухлис ҳар доимгидек Намангандаги ўйинга йиғилди. “Навбаҳор” – “Машъал” беллашувини 16280 одам шоҳиди бўлди.  Шуни ҳам қайд этиб ўтиш ўринлики, “лочинлар” ўз уйларидаги ўйинларда мухлис жамғариш бўйича ҳозирча бошқа жамоаларга ўрнак бўлишмоқда.

“Қалдирғочлар”ни муҳим 3 очкодан маҳрум этган “Қизилқум” билан баҳсга энг кам мухлис ташриф буюрди. “Бунёдкор” – “Қизилқум” учрашувига 507 ишқибоз келди холос. Тур сенсациясини қайд этган Ғузордаги “Шўртан” – “Локомотив” учрашувини 5702 ишқибоз бевосита стадиондан кузатиб борди.

Қуйида иккинчи турда қайси ўйинларга қанча мухлис жамланганлигини кўришингиз мумкин.

“Навбаҳор” (Наманган) – “Машъал” (Муборак) – 1:0. 16280 томошабин.

“Қўқон-1912” (Қўқон) – “Динамо” (Самарқанд) – 2:1. 8578 томошабин.

“Бухоро” (Бухоро) – “Нефтчи” (Фарғона) – 3:0. 7911 томошабин.

“Шўртан” (Ғузор) – “Локомотив” (Тошкент) – 2:0. 5702 томошабин.

“Сўғдиёна” (Жиззах) – “Обод” (Тошкент) – 1:0. 5200 томошабин.

“Олмалиқ” (Олмалиқ) – “Насаф” (Қарши) – 1:0. 2403 томошабин.

“Пахтакор” (Тошкент) – “Металлург” (Бекобод) – 1:0. 1112 томошабин.

“Бунёдкор” (Тошкент) – “Қизилқум» (Навоий) – 0:1. 507 томошабин.